Қирғизистон Республикаси президенти ва унинг Администрацияси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Азамат Осмонов мансабдор шахслар фаолиятини танқид қилди. У алоҳида вазирлик ва идоралар вакилларининг самарасиз хориж сафарларига алоҳида эътибор қаратди, деб хабар беради республика ҳукумати матбуот хизмати.
Маърузачи мутасаддиларнинг хориж сафарлари самарадорлигини ошириш мақсадида ўтган йил май ойидан Президент Администрациясининг Назорат бўлими билан ташрифларни мувофиқлаштиришнинг мажбурий тартиби жорий этилганини эслатди. Осмоновнинг сўзларига кўра, бу мамлакат сиёсатининг мақсад ва вазифаларига тўғри келмайдиган кўплаб аризаларни рад этиш имконини берган. Масалан, Табиий ресурслар вазири ўринбосари Асел Раимқулованинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро хотин-қизлар конгрессида иштирок этишига рухсат берилмаган, чунки тадбир вазирлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган.
Назорат органлари Қирғизистон ҳукумати амалдорларининг республика томонидан тан олинмаган давлатларга сафарларини ҳам олдини олади, чунки бу унинг халқаро нуфузига путур етказиши мумкин.
Президент Администрацияси ходимлари томонидан хориж сафарлари таҳлил қилинганда бир қатор тизимли муаммолар, жумладан, аниқ стратегия йўқлиги, етарлича назорат йўқлиги, иштирокчиларни танлашга субъектив ёндашув, олинган билимлардан унумли фойдаланилмаётгани ва Ташқи ишлар вазирлиги билан келишув тартиби бузилгани аниқланган.
Айниқса, Таълим ва фан вазири Доғдургул Кендирбаева танқидга учраган. Осмонов берган маълумотларга кўра, ўтган йили у умумий давомийлиги 32 кун бўлган 10 та халқаро сафарда бўлган. Жумладан, Австрияга саккиз кунлик ташриф чоғида вазир таълимни рақамлаштириш ва Қирғизистон-Хитой университетини ташкил этиш масалалари бўйича ҳеч қандай муваффақиятга эришмаган. «Келажак учун таълим» лойиҳасига 200 миллион доллар, дарсликлар учун 400 миллион доллар жалб этиш ва вазирликни қўшимча молиялаштириш вазифалари ҳам ҳал этилмаган. Кейинги ҳолатда Кендирбаева музокаралар учун Буюк Британияга учиб борган, бироқ муваффақиятга эришолмаган.
Осмонов 2023 йили Японияда 81 кун бўлган Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Самат Насирдиновни тилга олган. Унинг сафари август ойининг ўрталаридан ноябрь ойи бошигача давом этган, бироқ амалдор сафар ҳақида ҳеч қандай ҳисобот бермаган, дея шикоят қилган Назорат бўлими бошлиғи. Унинг қўшимча қилишича, бундай «саёҳат»дан сўнг вазирлик мулозими истеъфога чиқиши керак эди, бироқ Насирдинов ўтган йили 21 кун худди шундай сафарда бўлган.
Президент Администрацияси маълумотларига кўра, ҳисобот даврида 2171 нафар давлат хизматчиси хорижий хизмат сафарида бўлган. Жами амалдорлар хорижда 92 минг киши-соатдан ортиқ вақт сарфлашган. Қайд этилишича, 439 та аризадан 128 таси рад этилган.
Осмонов 2024 йили 53 нафар раҳбар интизомий жавобгарликка тортилганига оид статистик маълумотларни келтирган. Шу билан бирга, ҳукумат аъзоларининг масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш, хусусан, жарима ва мукофот пули бўйича чекловлар жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ҳукумат матбуот хизматининг хабар беришича, Осмоновнинг нутқидан сўнг кўплаб давлат хизматчилари жазоланган. Масалан, Кендибаевага «танбеҳ», Носирдиновга эса «қаттиқ танбеҳ» берилган. Бу қаторда ишдан бўшатишлар ҳам бўлган, лекин бу чора асосан туман миқёсидаги амалдорларга таъсир кўрсатган.