CPJ Қирғизистон ҳукуматини интернет ва ОАВда туҳмат учун жарималарни бекор қилишга чақирди

vesti.kg сайти фотосурати

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists, CPJ) Қирғизистон ҳукуматини қонунчиликка интернет ва оммавий ахборот воситаларида туҳмат ва ҳақорат учун жарима солишни назарда тутувчи тузатишларни бекор қилишга чақирди. Тегишли баёнот халқаро ташкилот сайтида эълон қилинди.

CPJ Европа ва Марказий Осиё дастурлари координатори Гулноза Саид республикада ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситаларига нисбатан жазо қўллашни осонлаштирадиган янги қонунлар қабул қилинганидан афсусда эканини билдирди.

«Ўзгартиришлар президент Садир Жапаровнинг авторитар бошқарувининг бир вақтлар мамлакатда эркин бўлган ОАВ соҳасига берилган навбатдаги зарба бўлди ва уларни дарҳол бекор қилиш керак», — дея хулоса қилади Саид.

«Қирғизистон медиаплатформаси» ҳуқуқий ташкилоти вакили Семетей Аманбековнинг CPJга айтишича, жарималар тўғрисидаги қонун оммавий танқидга учраган таклифнинг «яхшиланган» варианти бўлиб, ОАВни назорат қилувчи идораларга туҳмат ва ҳақорат учун суддан ташқари каттароқ жарима солиш ҳуқуқини беради.

Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячиси таъкидлаганидек, тезкор маъмурий жараёнлар шикоятларни адекват кўриб чиқишни деярли имконсиз қилади ва амалда мансабдор шахсларга узоқ давом этган суд жараёнларига муқобил равишда жаримани таклиф қилиш ОАВ овозини ўчиришнинг тезкор усулини тақдим этади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолатда пул жазоси Қирғизистоннинг айрим оммавий ахборот воситаларини банкротликка олиб келиши мумкин.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон президенти девонига ўз мурожаатини йўллаган, бироқ ҳозирча жавоб олмаган.

Ташкилот экспертларининг иддао қилишича, республика расмийлари 2011 йили туҳмат ва 2015 йили ҳақоратни криминал соҳасидан четга чиқарган. Аммо 2020 йилдан бери Президент Жапаров бир вақтлар эркин матбуот учун минтақавий бошпана ҳисобланган мамлакатда мустақил журналистикага нисбатан мисли кўрилмаган тазйиқларни кўрди. Айнан ҳозирги давлат раҳбари ҳукмронлиги даври бир қатор ОАВ ёпилиши, оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан айблов ҳукмлари чиқарилиши билан ажралиб туради.

ℹ️ Жапаров шу йилнинг январь ойи охирида туҳмат ва ҳақорат учун, жумладан, интернетдаги ҳолатлар учун жарима солиш ҳақидаги қонунни имзолаган эди. Ҳужжат 10 февралдан кучга кирган.

Бундай қоидабузарликлар учун қуйидаги жарима жорий этилди:

✅ фуқаролар учун — 200 ҳисоб кўрсатгичи миқдорида: 20 минг сом ($230);

✅ юридик шахслар учун — 650 ҳисоб кўрсатгич миқдорида: 65 минг сом (745 доллар).

Қолаверса, баённомаларни ОАВ фаолиятини тартибга солувчи Маданият вазирлиги эмас, балки ички ишлар органлари ходимлари тузади. Кейинчалик тегишли ишлар кўриб чиқиш учун судга юборилади.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб ташаббусни ишлаб чиққан Маданият вазирлиги янада қаттиқроқ жазони таклиф қилган ва бу ижтимоий тармоқлар ва парламентда баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Натижада депутатлар жарима миқдорини сезиларли даражада камайтиришди. Бироқ, Жогорку Кенешнинг (парламент) барча депутатлари ҳам янгиликни қўллаб-қувватламади. Шу тариқа Дастан Бекешев тузатишларни «нутқ солиғи» деб атади ва жарималар жамоатчилик танқидини бостириш воситасига айланиши мумкинлигини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ