Қирғизистон президенти такси ҳайдовчилари учун лицензиялар жорий этилишига оид қонунни имзолади

24.kg сайти фотосурати

20 февраль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда йўловчи таксиларини лицензиялаш тизимини жорий этиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Мазкур ҳужжат олти ойдан кейин кучга киради, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳайдовчиларга йўловчиларни ташиш учун махсус рухсатномалар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда. Қонунда, шунингдек, автомобиль транспортида халқаро юк ташишни амалга оширувчи такси ҳайдовчилари ва фуқаролар учун лицензияларнинг амал қилиш муддатига чекловлар ҳам белгиланган.

Матбуот хизматининг хабар беришича, тегишли ҳужжат «Транспорт тўғрисида»ги ва «Қирғизистон Республикасининг лицензиялаш ва рухсат бериш тизими тўғрисида»ги қонунлари ўртасидаги зиддиятни бартараф этиш, шунингдек, давлат раҳбарининг 2021 йил 7 декабрдаги «Қирғизистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини бажариш мақсадида ишлаб чиқилган.

Парламент жорий йил январь ойида қонунчиликка киритилган ўзгартиришларни маъқуллади. Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги вакилларининг аниқлик киритишича, лицензия олиш учун такси ҳайдовчилари қуйидаги ҳужжатлар тўпламини тақдим этишлари керак бўлади:

✅ шахсий гувоҳнома;

✅ автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома (ёки ишончнома);

✅ техник кўрикдан ўтганлик тўғрисида ҳужжат;

✅ йўловчиларга нисбатан фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш полиси;

✅нарколог ва психиатрдан маълумотнома;

✅ судланмаганлик тўғрисида гувоҳнома.

Шунингдек, фуқаро камида уч йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлиши керак.

ИИВ бир йиллик лицензия нархи тахминан 500 сом (5,7 доллар) бўлишини маълум қилди. Расмийларнинг қўшимча қилишича, рухсат берувчи ҳужжат йўқлиги учун жарима миқдори 7,5 минг сом (86 доллар) миқдорида белгиланиши режалаштирилган.

Депутатлар ўнг рулли транспорт воситаларини бошқарадиган ҳайдовчиларга гувоҳнома беришни тақиқлаш масаласини алоҳида кўриб чиқишди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги органлари вакиллари айнан шундай конструкциядаги автомобиллар «ҳалокатларга кўпроқ дучор бўлаётгани»ни таъкидлаб, шундай тузатишни талаб қилишган. Шу билан бирга, статистик маълумотлар келтирилган, унга кўра Қирғизистон такси хизматларида 180 мингга яқин ўнг рулли автомашиналар мавжуд. Жапаров матбуот хизмати янги қонундаги бундай чекловларга оид ҳеч қандай маълумот бермаганини қўшимча қиламиз.

Ҳозирда Қирғизистонда такси ҳайдовчилари ихтиёрий патент асосида ишламоқда. Аммо, расмий маълумотларга кўра, бундай ҳужжатлар сони камаймоқда. Агар 2018 йили 69 мингта берилган бўлса, 2023 йилга келиб — атиги 28 мингта шундай ҳужжат берилган. Ички ишлар вазирлиги салбий динамикани ҳайдовчиларнинг аксарияти ноқонуний ташиш билан шуғулланаётгани билан изоҳлайди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда республика мутасаддилари такси ҳайдовчиларини солиққа тортиш тизимини ўзгартириб, патент сотиб олишдаги ажратмалар ўрнига ҳар ой даромад солиғининг 1 фоизини мамлакат бюджетига тўлашни талаб қилишган эди. Бундан ташқари, таксига буюртма бериш хизматлари ҳайдовчилардан солиқ йиғимларини ундириш учун жавобгар бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ