Россия бизнеси меҳнат мигрантларига қўйилган айрим тақиқларни танқид қилди

rbc.ru сайти фотосурати

Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқида (РСПП) бўлиб ўтган давра суҳбатида Россия бизнес ва ишбилармонлар бирлашмалари вакиллари бир қатор ўлкалар томонидан иқтисодиётнинг айрим тармоқларида, жумладан транспорт соҳаси ва умумий овқатланиш саноатида меҳнат қилаётган мигрантларга нисбатан қўйилган тақиқларга танқид қўзи билан қарашди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

«Ишончимиз комилки, бундай тақиқларнинг асоссиз киритилиши нафақат Россия Федерацияси Конституцияси нуқтаи назаридан шубҳали, балки реал ҳаётдан ажралиб қолган. Бу ўз касбини ўзгартиришга унчалик мойил бўлмаган мутахассисларни яширин секторга суриб чиқаради. Биз қонун чиқарувчи органлардан бандлик ва миграция сиёсати соҳасида рағбатлантириш ва чекловлар жорий этишда маиший хизмат кўрсатиш соҳасининг рақобатбардошлигини пасайишига йўл қўймасликни сўраймиз», — дейишди тадбиркорлар.

Бундан ташқари, тадбиркорлар меҳнат патенти фақат мигрантга берилган ҳудуддагина амал қилишига доир қоидани «ҳаддан ташқари қаттиқ» деб ҳисоблашди.

«Бундай тақиқ [бошқа ҳудудда патентдан фойдаланиш] чет эл фуқароларига бир неча вилоятлар чегарасида ишлашга рухсат бермайди ва бу билан нафақат меҳнат фаолияти, балки умуман яшаш учун ҳам чекловлар қўяди. Бизнеснинг ўз ходимларидан турли объектларда фойдаланиш қобилияти ҳам чекланган», — дея тушунтиришган улар.

Миграция учётини рақамли модернизация қилиш орқали чет элликларнинг Россиядаги фаолияти ва мавжудлигини яхшироқ назорат қилиш мумкин ва натижада «субъектлар ўртасида тузилган шартномаларга қараб патентнинг экстратерриториал таъсирини ўрнатиш мумкин бўлади», — дея ишонч билдиришган давра суҳбати иштирокчилари.

Тадбиркорлар томонидан чет эл меҳнат мигрантларини ишга қабул қилишни тартибга солишни такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар киритилган. Улар орасида мавжуд «Знай своего клиента» («Мижозингни бил») тизимига ўхшаш «Знай своего мигранта» («Ўз мигрантингни бил») тизимини яратишдир. «Нисбатан арзон паст малакали ишчи кучи даври тугагани» сабабли компанияларга чет эллик ишчиларни чиқариб юбориш тартибини бекор қилиш учун ариза бериш ҳуқуқини тақдим этиш таклиф қилинди.

Шу билан бирга, ишбилармонлар ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва автоматлаштириш Россия банкининг юқори асосий фоиз ставкаси билан чекланганлигини таъкидладилар. Улар меҳнат мигрантларини самарали мослаштириш ва рус тили бўйича билимларини ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, давлат билан биргаликда рағбатлантириш чораларини ишлаб чиқишга чақирдилар.

Бизнес мигрантларни мослаштириш ва ўқитишнинг асосий воситаси сифатида маҳсулотни етказиб бериш ва такси соҳасида ишлайдиган меҳнат мигрантларига таниш бўлган рақамли платформалардан фойдаланишни таклиф қилади.

«Рақамли платформалар масофавий идентификация ва масофавий таълим соҳасида чуқур тажрибага эга, шунингдек, кенг мақсадли аудиторияни қамраб олади», — дейилади хабарда.

Илғор тажрибалар якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, чет эллик ишчиларни мослаштириш учун маблағга эга бўлмаган кичик ва ўрта компаниялар учун очиқ бўлган ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимида жамланиши режалаштирилган.

Белгиланган квоталар доирасидан ташқари вақтинча яшашга рухсат бериш мумкин бўлган талабгир касблар рўйхатини яратиш, мигрантларнинг ихтиёрий тиббий суғурта дастурларини рақамли платформалар орқали биргаликда молиялаштириш имкониятлари ҳам бошқа берилган таклифлар орасидан ўрин олди.

РБК манбасига кўра, рақамли мигрант профили каби айрим ташаббуслар хорижий ишчи кучи устидан назоратни кучайтириш мақсадида давлат томонидан фаол ишлаб чиқилмоқда.