Қирғизистон Солиқ хизмати раиси этиб мамлакат президентининг ёрдамчиси тайинланди

Алмамбет Шикмаматов. 24.kg сайти фотосурати

Бугунга қадар президент ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган Алмамбет Шикмаматов Қирғизистон Давлат солиқ хизмати (ДСХ) раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар берди.

Тегишли буйруқни 18 декабрь куни Бош вазир лавозимига тасдиқланган Адилбек Қосималиев имзолади.

Давлат солиқ хизмати раисини ўзгартириш зарурати ушбу лавозим эгаси Алтинбек Абдуваповнинг электрон товар-транспорт юкхатлари (ЭТТЮ) билан боғлиқ фирибгарликда гумон қилиниб ҳибсга олиниши билан боғлиқ бўлди. Бундан аввал Солиқ хизмати бошқармаларининг тўртта бошлиғи ва 30 га яқин оддий ходими коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, мансабдор шахслар мамлакат бюджетига 3,2 миллиард сом (36,8 миллион доллар) миқдорида зарар етказган коррупцион схемани тузишган.

Давлат солиқ хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи этиб аввал Бишкекнинг Первомай тумани солиқ хизмати бошқармасини бошқарган Қидиқбек Қидиров тайинланган эди. Бироқ, у ҳам ЭТТЮ ни яширганликда гумон қилинган.

ДСХ янги раиси илгари солиқ соҳасида ишламаган.

ℹ️ Алмамбет Шикмаматов 1969 йил 21 октабрда Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрида туғилган. 1994 йили Бишкек гуманитар университетининг рус тили ва адабиёти факультетини тамомлаган, 2003 йили Қирғизистон давлат миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. 2013 йили Шикмаматов РФ Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академиясида ўқишни тамомлаган.

Адлия вазири, Инвестицияларни ривожлантириш ва жалб қилиш агентлиги раҳбари, Давлат рўйхатга олиш хизмати раиси, «Бишкек» эркин иқтисодий зонаси раҳбари, «Давлат ипотекаси компанияси» бошқаруви раиси каби қатор масъул лавозимларда ишлаган. У Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати бўлган ва парламентдаги «Ата-Мекен» фракциясини бошқарган. 2024 йили у мамлакат президентининг ёрдамчиси этиб тайинланган. Уйланган, уч ўғил ва бир қизи бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди