Остона фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди уст-каменогорсклик адвокат Серикжан Ахметжановнинг Қозоғистон ҳукуматининг ягона вақт минтақасини жорий этгани билан боғлиқ даъво аризасини кўриб чиқишни бошлади. Бу ҳақда Orda.kz хабар берди.
Ахметжановнинг айтишича, соат минтақасини жорий этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси билан шуғулланувчи ишчи гуруҳ таркибига Шарқий Қозоғистон вилоятининг бирорта вакили киритилмаган, бу эса минтақа манфаатларининг эътибордан четда қолишига олиб келган.
Адвокатнинг қайд этишича, ягона вақт минтақасининг жорий этилиши кундузги ёруғлик вақтининг ўзгаришига олиб келади ва хавфсизликни таъминлаш учун тегишли инфратузилмани талаб қилади.
«Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан маълум мавсумларда кундузги ёруғликнинг ўзгариши кузатилмоқда. Соат 15:00 дан кейин бизда қоронғи туша бошлайди. Демак, тегишли инфратузилма тайёр бўлиши, кўчаларнинг хавфсизлиги, кўчалар, уйлар, шифохоналар, болалар боғчалари ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга муассасаларнинг ёритилиши таъминланиши керак. Эртароқ қоронғи тушади, лекин бу вақтда ҳаёт фаол давом этаётган бўлади», — дейди Ахметжанов.
Шунингдек, у биологик вақтга тўғри келмайдиган вақт зонасида яшаш билан боғлиқ соғлиқ учун салбий оқибатларга ишора қилади.
Ахметжанов бундай ёндашув Қозоғистон Конституциясига зид эканини таъкидлаб, Шарқий Қозоғистон вилояти аҳолиси яшаш жойи туфайли камситилаётганини таъкидлайди. Ҳукумат қарорини ноқонуний деб эътироф этиш ва бу масала аҳоли ўртасида тўғри муҳокама қилинишини талаб қилади.
Бу иш бўйича суд қарори 18 декабрь куни чиқиши кутилмоқда.
Илгари «Сандж» тадқиқот маркази социологик тадқиқот ўтказган ва унга кўра,
Қозоғистонда ягона вақт минтақасининг жорий этилиши 11,5 миллион фуқарога салбий таъсир кўрсатган.
Шарқий ҳудудларда респондентларнинг 85 фоизи вақт ўзгариши уларга салбий таъсир кўрсатганини, марказий ҳудудларда 54 фоизи шундай жавоб берганини, вақт ўзгармаган ғарбий ҳудудларда эса 10 фоизи вазият ёмонлашганини қайд этган.
Вақтнинг ўзгариши аҳоли саломатлиги, фаровонлиги ва уйқусига салбий таъсир кўрсатган, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари сонининг кўпайишига ва электр энергияси истеъмолининг ошишига олиб келган, деб таъкидлайди «Сандж» тадқиқот маркази.
ℹ️ Қозоғистонда 2024 йил 1 мартдан бошлаб ягона вақт минтақаси жорий қилинганди. Бунгача мамлакатда иккита вақт минтақаси UTC+5 ва UTC+6 бўлган. Бундан ташқари, мамлакат ҳудудининг катта қисми (ғарбий вилоятлар бундан мустасно) UTC+6 зонасида бўлган. Ҳукумат фақат — UTC+5 ни қолдирган. Орадан уч ой ўтиб, қозоғистонликлар эски даврга қайтиш учун петицияга 50 минг имзо тўплашган, бироқ расмийлар буни рад этишган.