«Термиз» халқаро савдо марказида Қозоғистон маҳсулотлари павильони очилди

gov.kz сайти фотосурати

«Термиз» халқаро савдо маркази (ХСМ) ҳудудида Қозоғистон маҳсулотлари савдо павильони очилди. Бу ҳақда Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги хабар берди.

ХСМ Сурхондарё вилоятининг Афғонистон билан чегарадош «Айритом» эркин иқтисодий зонасида (ЭИЗ) жойлашган. Павильоннинг очилиш маросими доирасида Қозоғистон вакиллари ва ЭИЗ дирекцияси ўртасида савдо майдонини ижарага бериш шартномаси имзоланди.

«Келишув савдони ривожлантириш ва Қозоғистон маҳсулотларининг ташқи бозорларда иштирокини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди…Янги павильон Қозоғистон товарларини Ўзбекистон ва Афғонистон бозорларида илгари суриш учун муҳим майдонга айланади, шунингдек икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва Қозоғистоннинг экспорт имкониятларини кенгайтиришнинг янги истиқболларини очади», — дея таъкидлади Савдо вазирлиги ва Қозоғистон компанияларини ўз маҳсулотларини павильонда жойлаштиришга чақирди.

«Термиз» ХСМ 2024 йил 29 август куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Барадар иштирокида расман очилди.

Мажмуада 1800 чакана савдо шохобчалари, йирик логистика маркази, 400 ўринли иккита меҳмонхона, касалхоналар ва автосервислар бўлади. Биноларнинг биринчи қаватларида савдо дўконлари, иккинчи қаватида енгил саноат корхоналари жойлашади.

Афғонистон ва Покистон фуқаролари ХСМ дўконлари ва бошқа объектларини ижарага олишлари ва ҳатто уларга эгалик қилишлари мумкин. Чет эл фуқаролари Ўзбекистонга кириш визасисиз марказда 15 кун қолиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?