Ўзбекистон GSP+ тизимига қўшилганидан сўнг унинг Европа Иттифоқига экспорт ҳажми қарийб уч баробарга ошди

gov.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон GSP+ имтиёзлар тизимига қўшилганидан сўнг унинг Европа Иттифоқига экспорт ҳажми қарийб уч баробарга ошди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати хабар берди.

Бу кўрсаткич 4–5 декабрь кунлари Брюсселда Ўзбекистон делегацияси илк бор иштирок этган Европа Иттифоқининг GSP+ умумий имтиёзлар тизимини жорий этиш бўйича ишчи гуруҳи йиғилишида маълум қилинди. Ўзбекистон томони 2021 йили бенефисиар мақомини олганидан буён GSP+ доирасидаги ишлар натижаларини тақдим этди.

Бу даврда келиб Европа Иттифоқига экспорт ҳажми 1,1 миллиард долларга етган. Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника ва кимё маҳсулотларини қўшган ҳолда мавжуд 6200 турдаги маҳсулотларнинг 1100 дан ортиқ тури бўйича барқарор экспорт йўлга қўйилган.

Ўзбекистон делегацияси янги мева-сабзавотларни қўшиш ва мавсумий экспорт квоталарини қайта кўриб чиқиш йўли билан GSP+ имтиёзларига эга бўлган товарлар рўйхатини кенгайтиришни таклиф қилди. Бу етказиб беришнинг барқарорлигини таъминлаши ва Европа Иттифоқи бозорида маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширади.

Бундан ташқари, ИССВ вакиллари эришилган натижаларни сақлаб қолиш ва Европа Иттифоқи билан иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш мақсадида GSP+ имтиёзли режимини кейинги 10 йилга узайтиришни таклиф қилишди.

ИССВ вакилларининг Брюсселга ташрифи чоғида Европа Комиссиясининг савдо ва халқаро ҳамкорлик бўйича департаментлари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Ўзбекистон товарларининг Европа Иттифоқи бозорига чиқишини яхшилаш, жумладан, металл прокатини импорт қилиш квоталари қайта кўриб чиқилиши ва Ўзбекистон маҳсулотларини Европа стандартларига мослаштириш учун ЕИдан техник кўмак жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

ℹ️ GSP – ривожланаётган мамлакатларнинг экспорт даромадларини ошириш, саноатлаштириш ва иқтисодий ўсишни жадаллаштиришга кўмаклашишга қаратилган ягона мақсад ва тамойилларга асосланган миллий имтиёзли схемалар тизими. GSP ғояси ривожланган мамлакатлардан имтиёзлар бериш, жумладан, ривожланаётган мамлакатлардан ривожланган мамлакатлар бозорларига етказиб бериладиган товарларнинг айрим турлари бўйича тариф ставкаларини камайтириш ёки бекор қилишни назарда тутади.

GSP+ схемаси Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш учун қўшимча имкониятларни тақдим этади, зеро бундай мақомни олган мамлакат Европа бозорига 6000 дан ортиқ турдаги товарларни экспорт қилишда солиқ тўлашдан озод қилинади.

GSP+ схемасига қўшилиш орқали паст ва паст ўрта даромадли давлатлар инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилиш ҳамда самарали бошқарув бўйича 27 та асосий халқаро конвенцияни самарали амалга ошириш мажбуриятини оладилар. GSP регламенти GSP + олувчилари томонидан ўз мажбуриятларини бажарилиши устидан доимий мониторингни таъминлайди.

2023 йил ноябрь ойида Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг GSP+ имтиёзлар тизимидаги аъзолигини тўрт йилга узайтирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди