27 ноябрь куни бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев «янги глобал тартиб шароитида стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида»ги қўшма баёнотни имзоладилар, деб хабар беради Кремль матбуот хизмати.
Чоп этилган ҳужжат учта блокга бўлинган: сиёсат, иқтисодиёт ва маданият. Унда, хусусан, ҳар икки давлат янги геосиёсий воқеликка мослашишда икки томонлама ҳамкорликнинг алоҳида ролини билиши, бу эса, ўз навбатида, «Евросиё маконида хавфсизлик тизимини янада мустаҳкамлаш зарурлигини тасдиқлайди». Россия ва Қозоғистон асосий халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича ўз позицияларини ўзлари аъзо бўлган бирлашмалар: КХШТ, МДҲ, ШҲТ ва ОҲИЧК (Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича конференция) орқали мувофиқлаштириш ниятида.
Бундан ташқари, томонлар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини «энг кенг кўламли соҳаларда ҳамкорликнинг самарали механизми сифатида баҳолайдилар ва ушбу форматдаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш тарафдори». Шунингдек, улар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) салоҳияти ва халқаро ролини ривожлантириш ниятида. Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига келсак, баёнотда таъкидланганидек, томонлар «тинчликни сақлаш операцияларини ўтказиш ва КХШТ масъулияти доирасидаги инқирозли вазиятларга жавоб бериш бўйича жамоавий ҳаракатлар имкониятларини юқори баҳолайдилар».
Президентлар, шунингдек, «жамоат ва расмий шахсларнинг ўзаро ишонч ва икки давлат суверенитетини ҳурмат қилиш руҳига зид бўлган масъулиятсиз баёнотларини» қоралаб, «терроризмни олдини олиш ва унга қарши муросасиз кураш мақсадида махсус хизматлар орқали тезкор ва бошқа маълумотлар алмашишга келишиб олдилар.
Баёнотнинг иқтисодий блокида томонлар миллий валюталарда ўзаро битимлар улуши ортганини олқишлашлари ҳамда давлатларнинг иммунитетлари ва уларнинг мулки, жумладан, суверен заҳиралари бўйича халқаро мажбуриятларга қатъий риоя этилишини тасдиқлашлари қайд этилган.
Ушбу блокнинг салмоқли қисми икки давлат ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган. Унда, хусусан, 2023 йил октябр ойида бошланган «Марказий Осиё – Марказ» газ қувури орқали Қозоғистон ҳудудидан Россия табиий газини етказиб бериш, шунингдек, Россия томонидан Қозоғистонда учта иссиқлик электр станциясини қуриш тўғрисидаги келишув қайд этилган.
Транспорт коридорларини ривожлантириш алоҳида қайд этилган. «Шимол-Жануб» халқаро йўналишидаги лойиҳалар шулар жумласидандир. Томонлар, шунингдек, «Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон – Ҳинд океани портлари» транспорт йўлаги лойиҳасини (бу борада 2023 йил ноябрь ойида ўзаро англашув меморандуми имзоланган) тез амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга келишиб олдилар.
Коинотни биргаликда тадқиқ қилишни давом эттириш, шунингдек, «коррупцияга қарши кураш соҳасида, жумладан, ноқонуний йўл билан қўлга киритилган активларни қайтариш ва ўзаро маълумот алмашиш бўйича комплекс ишларни» давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Баёнотнинг икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларга бағишланган учинчи қисмида етакчилар, жумладан, Совет халқининг Улуғ Ватан урушидаги Ғалабасининг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларни ўтказишга келишиб олдилар.
Якунда Владимир Путин самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди ва Қосим-Жомарт Тўқаевни 2025 йили давлат ташрифи билан Россияга ташриф буюришини таклиф қилди. Қозоғистон Президенти таклифни миннатдорчилик билан қабул қилди. Ташриф вақти ҳужжатда кўрсатилганидек, қўшимча равишда келишиб олинади.
Путин 27 ноябрь, чоршанба куни икки кунлик давлат ташрифи билан Остонага келди. 28 ноябрь куни Россия президенти Қозоғистон жорий йилда раислик қилаётган КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг сессиясида иштирок этади.