Қирғизистон президенти Садир Жапаров миграция қонунчилигига ўзгартиришлар киритиш ва «рақамли кўчманчи» (digital nomad) мақомини белгилаш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қонун юқори малакали IТ-мутахассисларни жалб этиш, инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, солиқ тушумларини кўпайтириш, иш ўринлари яратиш, туризмни ривожлантиришга қаратилган.
«Рақамли кўчманчи» мақомини олиш учун ариза топшириши мумкин бўлган чет эл фуқароларининг тоифалари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, улар ва уларнинг яқин қариндошлари мақомини олиш тартиби ва мамлакатда яшаш шартлари Қирғизистон ҳукуматининг алоҳида қарори билан белгиланади.
Рақамли кўчманчиларга қуйидагилар таклиф этилади:
👉 яшаш жойида мажбурий рўйхатдан ўтишдан озод бўлиш;
👉 индивидуал идентификация рақамини олиш;
👉 ишлаш учун рухсатнома олиш заруриятининг бекор қилиниши;
👉 тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи;
👉 банк ҳисоб рақамларини очиш имконияти.
Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги 2022 йили бошланган синов лойиҳасининг ижобий натижаларини қайд этиб, Қирғизистонга хорижлик мутахассисларнинг катта қизиқиш билдираётганини кўрсатди.
Пилот лойиҳаси 2022 йил августидан 2023 йил декабригача давом этди. Унда олти давлат фуқаролари иштирок этиши мумкин эди: Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Молдова ва Россия.
ℹ️ Рақамли кўчманчилар ёки дижитал-номадлар — бу дунё бўйлаб саёҳат қилиш пайтида масофадан туриб ишлайдиган мутахассислардир. Рақамли кўчманчи атамаси биринчи марта тадқиқотчилар Цугио Макимото ва Дэвид Маннерс томонидан 1997 йили чоп этилган шундай номдаги китобда пайдо бўлган. Унда Интернет сабаб турмуш тарзида инқилобий ўзгаришлар юз бериши ва технологиянинг ривожланиши, хусусан, одамларга саёҳат қилиш, ишлаш ва хоҳлаган жойда яшаш имконини берадиган портатив интернетга уланган қурилмалар пайдо бўлиши ҳақида сўз юритилган.