Қозоғистонда ялпи декларация ғоясидан воз кечишди

pixabay.com сайти фотосурати

Қозоғистон Молия вазири Мади Такиев 2025 йили 8 миллионга яқин қозоғистонликни қамраб оладиган ялпи декларациянинг мажбурий тўртинчи босқичини бекор қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда у 19 ноябрь куни ҳукумат йиғилишида маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Вазирнинг сўзларига кўра, имтиёз жисмоний шахсларнинг 90 фоиздан ортиғига — хусусий тузилмалар ходимлари, нафақахўрлар, уй бекалари, талабалар ва бошқа тоифадаги фуқароларга тегишли бўлади.

Бош вазир Олжас Бектенов ушбу таклифни қўллаб-қувватлаб, Молия, Миллий иқтисодиёт ва Адлия вазирликларига уч кун муддатда қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчаларни тайёрлаб, кейин парламент муҳокамасига киритишни топширди.

«Ҳозирда 4 миллиондан ортиқ одам декларация топширмоқда. Улар орасида давлат хизматчилари, квазидавлат сектори ва бизнес вакиллари бор. 2025 йили бошқа тоифадаги фуқаролар декларация топширишлари режалаштирилган эди. Бу аҳоли орасида хавотир уйғотди ва давлат раҳбари бунга эътибор берди», — деди Олжас Бектенов.

Бош вазир бу қарорни давлат анчадан бери молиявий ва валюта назоратини кучайтиргани билан изоҳлади. Давлат органларининг маълумотлар базалари «максимал даражада рақамлаштирилган», халқаро шартномалар доирасида ҳисобварақлар бўйича маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган. Рақамли хизматлар кенг тарқалган. Шунинг учун, умуман олганда, жисмоний шахсларнинг активлари бўйича барча маълумотлар мавжуд.

Қуйидаги фуқаролар тоифалари учун декларацияни сақлаб қолиш таклиф қилинмоқда: Қозоғистондан ташқарида мол-мулки бўлганлар; йил давомида 20 минг минимал ойлик тўлови (2024 йили 74 млн тенге (149 минг АҚШ доллари) – таҳр.изоҳи) дан ортиқ харидларни амалга оширган; ўз-ўзидан солиққа тортиладиган даромад олганлар ва ўз даромадларини ихтиёрий равишда ҳисобот беришга қарор қилганлар.

Қозоғистонда 2021 йил 1 январда ялпи декларация қилишнинг биринчи босқичи бошланган. Давлат органларида масъул лавозимларда ишлаётган шахслар ва уларнинг турмуш ўртоқлари декларация топшира бошладилар. Иккинчи босқичда – 2023 йил 1 январдан бюджетчилар, давлат хизматчилари ва квазидавлат корхоналари ходимлари турмуш ўртоқлари билан биргаликда декларация топширишни бошладилар. Ялпи декларациянинг учинчи босқичи 2024 йил 1 январдан бошланган – декларация топшириш навбати тадбиркорлар – юридик шахсларнинг раҳбарлари, муассислари ва иштирокчилари турмуш ўртоқларига, якка тартибдаги тадбиркорларга ва уларнинг турмуш ўртоқларига келган.

Якуний босқичда қолган барча қозоғистонликлар декларация топширишни бошлашлари керак эди. Бир кун аввал президент Қосим-Жомарт Тўқаев қишлоқ хўжалиги ходимлари форумида сўзлаган нутқида ушбу нормани қайта кўриб чиқишга чақирди.

Биринчи марта ялпи декларациянинг мажбурий тўртинчи босқичини бекор қилиш таклифи 14 ноябрь куни Айдар М. имзолаган ва E-Petition.kz порталида эълон қилинган петицияда билдирилган эди. Муаллифнинг таъкидлашича, солиқ органлари аллақачон қозоғистонликларнинг мол-мулки ва даромадлари тўғрисида барча зарур маълумотларга эга, уларнинг кўпчилиги ўз маошларининг ярмига яқинини озиқ-овқатга сарфлайди ва уларнинг катта қарзлари бор.