Ўзбекистонда номақбул деб топилган чет эл фуқароси депортация қилинади ва қора рўйхатга киритилади

simplytr.com сайти фотосурати

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини бузган ва адоват қўзғатган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Бундан ташқари, улар республикада бўлиши номақбул деб топилган шахслар рўйхатига киритилади. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 15 ноябрь куни имзоланган тегишли қонун миллий маълумотлар базасида эълон қилинди ва кучга кирди.

Ўзбекистон суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига, хавфсизлигига зид бўлган, шунингдек, давлатлараро ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар қилган ёхуд ҳаракатлар содир этган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу рўйхатга киритилади.

Бундай фуқароларга қуйидагилар тақиқланади:

✅ мамлакатга кириш;

✅ банк ҳисоб рақамларини очиш;

✅ кўчмас мулк сотиб олиш;

✅ давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш;

✅ молиявий операцияларни амалга ошириш ва шартномалар тузиш (чет эл фуқаросига тегишли мол-мулкни бегоналаштириш бундан мустасно).

Чет элликларни номақбул шахслар қаторига киритиш республика Олий Мажлиси ҳар икки палатасининг кенгашлари ва махсус ваколатли органлар томонидан амалга оширилади. Реестр Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилади.

Мамлакат қонунчилигини бузган хорижлик беш йил давомида Ўзбекистонга кира олмайди.

Агар у қора рўйхатдан чиқариш учун асослар келтирмаса, муддат яна беш йилга узайтирилади. Номақбул шахслар реестридан муддатидан олдин чиқиш имконияти мавжуд, аммо бу хорижликни республикадаги номақбул шахслар қаторига киритган орган тавсиясига биноан амалга оширилади.

Чет эл фуқароси Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилганлар рўйхатига киритилганидан сўнг, Ташқи ишлар вазирлиги уни уч кун ичида бу ҳақда огоҳлантиради. Қоидабузарга ўз ихтиёри билан мамлакатни тарк этиши учун ўн кун муддат берилади.

Акс ҳолда, чет эл фуқароси депортацияга дуч қилинади. Бундан ташқари, агар фуқаро компания ёки жисмоний шахс таклифига биноан кирган бўлса, чиқариб юборишнинг молиявий харажатлари қабул қилувчи томонидан қопланади. Бошқа ҳолатларда депортация харажатлари ички ишлар органлари томонидан қопланади.