Росселхознадзор 17 октябрдан бошлаб Қозоғистондан Россияга буғдой, ясмиқ, помидор, қалампир ва полиз маҳсулотлари олиб кирилишига вақтинчалик чеклов қўйди. Бу ҳақда ташкилот буйруғида айтилган.
Тақиқ, шунингдек, экиш учун мойли зиғир ва кунгабоқар уруғларини етказиб беришга ҳам тегишли. Аниқлик киритилишича, Қозоғистон томони фитосанитария сертификатларини тўғридан-тўғри якуний мўлжалдаги мамлакатга расмийлаштириши ва темир йўл вагонларидан тўғридан-тўғри кема юкхоналарига жўнатиш шарти билан дон транзити бундан мустасно бўлади.
Росселхознадзор бу чора фитосанитария назоратини кучайтиришга қаратилганини тушунтиради. Қарор 17 октябрдан кучга киради ва «кейинги қарорга қадар» амал қилади.
4 октябрь куни Росселхознадзор Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг агросаноат комплексидаги давлат назорат қўмитасига 7 октябрдан бошлаб Россия Федерациясига экспорт қилинаётган қозоқ полизларига фитосанитария сертификатларини беришни тўхтатиб туриш талаби билан мурожаат қилганини маълум қилган. Агентлик буни Россияга келган қозоқ қовунларида карантин объекти бўлмиш — қовун пашшаси «бир неча бор топилгани» билан асослаган. Департамент бундай маҳсулотнинг мамлакатга кириб келишидан келиб чиқиши мумкин бўлган иқтисодий зарарни 250 миллион рубль (2,6 миллион доллар) миқдорида баҳолаган.
Аввалроқ, Росселхознадзор Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигига дон, помидор, қалампир ва кунгабоқар уруғлари учун фитосанитария сертификатларини беришни тўхтатиб туриш илтимоси билан мурожаат қилганди. Илтимос маҳсулотларда РФ фитосанитария фаровонлигига таҳдид соладиган «карантин объектлари аниқлангани» билан асосланган.
Қозоғистоннинг мутасадди АПК Новости агентлиги дон бозори иштирокчиларига таяниб, Росселхознадзор мурожаатини 1 августда жорий этилган ва йил охиригача амал қиладиган Россия ғалласини Қозоғистонга олиб киришга тақиқ қўйилганига жавобан чора деб атаган.
Бир кун аввал «Курсив» нашри республика Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигига таяниб, 23 сентябрдан 16 октябргача помидор, қалампир, гуруч, тариқ, ун ва қуритилган меваларни олиб ўтувчи 89 та автомобиль Россия ҳудудига киритилмагани ҳақида ёзган эди. 9 ва 15 октябрь кунлари Қозоғистон томони ташаббуси билан Евроосиё иқтисодий комиссиясида мавжуд вазиятни бартараф этиш бўйича икки раунд маслаҳатлашувлар ўтказилди, дея қўшимча қилган вазирлик.