Қирғизистон МХДҚ раҳбари коррупционерларни ҳибсга олиш самара бермаётганини тан олди

Қамчибек Ташиев. Видеодан кадр

Қирғизистонда сўнгги уч йил ичида коррупция даражаси сезиларли даражада камайди, бироқ порахўрлик ҳамон жиддий муаммо бўлиб қолмоқда, чунки жиноятчилар жиддий жазодан қутулиб қолишмоқда. Бу ҳақда 18 сентябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев маълум қилди, деб ёзади Kaktus.media.

«Биз коррупционерларни ушлаяпмиз, лекин улар озодликка чиқишмоқда. Биз уларни яна ушлаймиз, улар яна озод бўлади. Тўғрисини айтсам, одамларни ҳибсга олишдан чарчаганмиз», — деб тан олди Ташиев Боткен вилояти Қадамжой туманида МХДҚ биносининг очилиш маросимида сўзлаган нутқида.

Ташиев сўзларига кўра, тўрт йил давомида ўндан ортиқ судялар коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган, «аммо улардан бирортаси ҳам қамоққа жўнатолмадик. МХДҚ ва прокуратуранинг бирорта ҳам ходимини қамоққа жўнатолмадик. Ҳаммаси жарима билан озод бўлиб кетишди».

«Энди жарима бўлмайди, фақат реал қамоқ жазоси бўлади», — дея таъкидлади Ташиев ўз идораси томонидан қонунчиликка киритилган ўзгартишларни шарҳлар экан.

МХДҚ раҳбари порахўрларга нисбатан амалдаги амалиётга тўхталиб ўтди.

«Бугун биз коррупцияда гумонланувчини ушлаб, икки, тўрт, олти ой тергов изоляторида қолдирамиз. Биз текширув ва тергов фаолиятини олиб борамиз. Улар ўз айбларига иқрор бўлиб, қонунда рухсат этилган тергов билан битим тузадилар. Кейин бу ишлар судга оширилади, судя эса қонун асосида коррупционерларга жарима солиб озод қилади. Орадан бир-икки йил ўтиб, ўша порахўр амалдор яна ўз лавозимига қайтади ёки қора ишларини давом эттиради. Шундай қилиб, ишимиз якунига этмаяпти», — деди Ташиев.

Унинг фикрича, ҳибсга олинган шахс айбини тан олиши ва тергов билан ҳамкорлик қилиши мумкин, бироқ у қонунда белгиланган жазо муддатининг камида ярмини ўташи керак.

«Коррупционерлар бугун ёки эртага қаттиқ жазоланишини билишлари керак. Порахўр мансабдорларга нисбатан шартли равишда озод қилиш тўғрисидаги қоида қўлланилмайди. Коррупционер давлатнинг биринчи рақамли душманидир. Шундагина биз уларни енгамиз», — деди Ташиев.

Шунингдек, МХДҚ коррупция ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланган шахслар ва уларнинг яқин қариндошларини давлат лавозимларида ишлашини тақиқлашни таклиф қилди.

«Бу одамларнинг яқин қариндошлари, фарзандлари, ота-оналари давлат лавозимларига тайинланмаслиги керак. Фақат шу йўл билан уларни тўхтата оламиз. Порахўр амалдор ўзини ўйламасаям, ҳеч бўлмаганда оиласини ўйласин», — дея қўшимча қилди Ташиев.

Аввалроқ Ташиев Қирғизистонни 2026 йилга қадар криминалдан озод қилишга ва коррупционер депутатлардан қутулиш учун республика Жогорку Кенешида (парламент) тозалаш ишларини олиб боришга ваъда берганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ