«Вагнер» ХҲКда хизмат қилган ўзбекистонлик тўрт йилга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинди

gazeta.ru сайти фотосурати

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясида хизмат қилган, Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можарода қатнашган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан тўрт йиллик озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Ҳукм 21 август куни эълон қилинди, деб ёзади «Газета.uz» суд қарорига таяниб.

Суд материалларига кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи 1976 йилда туғилган Б.З. 2022 йил сентябрь ойида Россияга кетган. Шу йўл билан у турмуш шароитини яхшилаш мақсадида пул топишни режалаштирган – ўша пайтда унинг етти кишидан иборат оиласи икки хонали квартирада яшаган.

2023 йил 20 майгача эркак Россия компанияларидан бирида новвой бўлиб ишлаган. Кейин у Telegram-каналида «Вагнер» ХҲКга жангчилар ёлланиши ҳақида эълонга дуч келади. Б.З.нинг сўзларига кўра, унга жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун 240 минг рубль (2500 доллардан ортиқ) маош, шунингдек, 21 кун давом этган машғулотлар давомида 45 минг рубль (деярли 500 доллар) ваъда қилинган.

Ўзбекистон фуқароси бундай шартларга рози бўлиб, Краснодар ўлкасига ХҲК базасига келган. У шартномани имзолаган, унда ҳатто Россия Федерацияси ФХХ (ФСБ) талабига кўра ҳам «Вагнер» ҳақида гапирмаслик, қўмондонликнинг барча буйруқларини бажариш шартлари бўлган. Ҳужжатда, шунингдек, эҳтимолий ўлимдан сўнг тобути ва хизмати учун пулни юбориш керак бўлган мамлакат ва яшаш жойи манзилини кўрсатиш лозимлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, суд жараёнида Б.З ««Вагнер»нинг оғзаки олтин қоидалари» тушунтирилганини айтган. Хизматдошлари билан фақат чақирув белгиси орқали мулоқот қилиш, алоқа воситаларидан фойдаланмаслик, бошқа аскарлар билан шахсий мавзуларда мулоқот қилмаслик, спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслик, жанговар ҳаракатлар пайтида тинч аҳоли билан гаплашмаслик, уларнинг мулкини ўғирламаслик ва улардан озиқ-овқат олмаслик шулар жумласидандир.

Бундан ҳам қаттиқроқ кўрсатмалар бўлган. Мисол учун, агар сафдоши жанг майдонидан қочиб кетса, уни отиб ташлаш. Бундан ташқари, Агар улар ўз сафдошлари ёки қўмондонига қуролни ўқталадиган бўлса, огоҳлантиришсиз отиб ташланиши мумкин бўлган.

«Олтин қоидалар»ни бузиш ўлим билан жазоланган.

Ўзбекистонлик тайёрларлик пайтида, яъни 2023 йил июнь ойида қўзғолон бўлганини айтган. «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин Россия Мудофаа вазирлиги раҳбариятидан норози бўлиб, Москвага марш уюштирган. Чет эллик ёлланма аскарнинг вазифаси бошқа ҳарбий хизматчиларга дори-дармон, озиқ-овқат ва ўқ-дориларни етказиб беришда ёрдам бериш бўлган. Кейин Б.З. бошқа жангчилар билан биргаликда Беларусга кўчирилган, у ерда Пригожин билан музокаралардан сўнг ХҲК мамлакат президенти Александр Лукашенко томонидан таклиф қилинган.

23 август куни «Вагнер» раҳбари вафоти муносабати билан ўзбекистонлик эркак билан шартнома муддатидан олдин якунланган. Унга Россия фуқаролигини олиш ва Африка давлатларидан биридаги компанияда хизматни давом эттириш таклиф қилинган. Аммо Б.З. 467 минг рубль (5000 доллардан ортиқ) тўловни олиб, шартномани узайтиришдан бош тортган.

2023 йил сентябрида мигрант ватанига қайтган. Айбланувчининг сўзларига кўра, у фақат ХҲКда малака оширган бўлса-да, суд материалларида тошкентлик фуқаро можарода қатнашгани ва «Артемовскни озод қилгани учун» медали билан тақдирлангани қайд этилган.

Б.З. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми («Ёлланиш,») билан айбдор деб топилди ва жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни (айбига тўлиқ иқрор бўлиш, пушаймонлик, вояга етмаган фарзанди ва ногиронлиги бор турмуш ўртоғи мавжудлиги) инобатга олинган ҳолда, 4 йилга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинди. Демак, унинг тунги вақтда уйидан чиқиб кетиши, митингларда қатнашиши, жиноят содир этишга мойил шахслар билан мулоқот қилиши, шунингдек, республикадан ташқарига чиқиши тақиқланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ