2024 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ўтган ойга нисбатан 1,75 миллиард долларга ўсиб, 39,15 миллиард долларни ташкил этди. Республика Марказий банки маълумотларига кўра, бу статистика даврида қайд этилган яна бир рекорддир.
Регулятор маълумотларига кўра, август ойидан бери валюта захиралари 500 миллион доллардан бир оз кўпайиб, 8,19 миллиард долларга етган. Аммо бу йил бошидаги маълумотларга қараганда 1,18 миллиард долларга камайгани кузатилган. Бундай ҳолат Ўзбекистоннинг 2019 йили чиқарилган суверен еврооблигациялар бўйича қарзни тўлашга маблағ сарфлагани билан изоҳланади.
Марказий банк омборларида сақланаётган олтиннинг жисмоний ҳажми ҳам камайган. Агар июнь-июль ойларида бу кўрсаткич ўсган бўлса, сентябрь ойига келиб у 3 тоннага камайиб, 371,7 тонна ёки 12,04 миллион трой унцияни ташкил қилган. Шунга қарамай, қимматбаҳо металлар захирасининг қиймати 29,16 миллиард доллардан 30,4 миллиард долларга кўтарилган. Бунинг сабаби оддий: жаҳон бозорларида олтин нархи ўсишда давом этмоқда.
Умуман олганда, йил бошидан буён Марказий банкнинг олтиндаги захиралари қиймати 5,77 миллиард долларга ошган.
Аввалроқ Ўзбекистон молия бозорини тартибга солувчи регулятор бошқа давлатлар қимматли қоғозларини харид қила бошлаганини маълум қилганди. Шундай қилиб, Марказий банк захиралари орасида 35,48 миллион долларлик АҚШ ғазначилик облигациялари пайдо бўлган.
Халқаро таҳлилчиларга кўра, олтин нархининг пасайиши кутилаётгани сабаб, Ўзбекистонда захира рекордларини янгилаш тўхтаб қолиши мумкин. Чунки қимматбаҳо металлар захиралари олтин-валюта заҳиралари умумий ҳажмининг 80% дан ортиғини ташкил қилади. Бундан ҳолат 2027 йилгача давом этиши эҳтимолдан ҳоли эмас.