Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров мамлакатда совет мафкураси ва рамзлари тарғиботини расман тақиқлаш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда сиёсатчи ўзининг Telegram-каналида ёзган.
Совет Иттифоқини тикламоқчи бўлган самарқандлик пенсионер билан боғлиқ воқеага депутат шундай жавоб қайтарган. Эркак Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш моддаси бўйича айбдор деб топилиб, уч йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Қодиров суд қарорини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
«Ўзбек халқи СССР бошқаруви томонидан камситилган, таҳқирланган ва ҳанузгача ўша даврнинг оғир жароҳатларини даволамоқда. Миллатлар, қадриятлар ва эътиқодни рад этган совет мафкураси нафақат ўзбек халқи, бутун инсоният бошига бало бўлиб келди ва қолдиқлари ҳозиргача бало бўлмоқда», — деб ёзади «Миллий тикланиш» етакчиси.
Сиёсатчи тарихнинг бу даврини таҳлил қилиш ва муҳокама қилиш, лекин уни мақуллаш ёки тарғиб қилиш нафақат республика конституциявий тузумига қарши жиноят, балки қонли тузум қурбони бўлган халқимиз ва аждодларимизга қилинган хиёнат, деб баҳоланиши кераклигини қўшимча қилган.
Маълумки, Қодиров авваллари ҳам СССР рамзлари ҳақида салбий фикр билдирган эди. Масалан, 2021 йил май ойида Тошкентда «Ғалаба қўшиғи» концертида қизил байроқ баланд кўтарилганини провокация ва халқни ҳақорат қилиш сифатида баҳолаш кераклигини таъкидлаганди. Депутат фикрича, тараққийпарвар ўзбек зиёлилари ва оқкўнгил аждодлар қонига бўялган босқинчи совет давлати байроғининг баланд кўтарилишини ўзбек халқига нисбатан ҳақоратдир. Шу билан бирга, Қодиров санъатни сиёсатга қурол қилинишига қарши эканини таъкидлаган.
ℹ️ СССРни тиклаш тарафдори бўлган самарқандлик жиноят иши ҳақида 3 сентябрь куни хабар берилганди. Аниқлик киритилишича, пенсионер ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон мустақиллиги юзаки», Иттифоқ эса расман ҳали парчаланмаган, деган маълумотларни тарқатган. Бундан ташқари, у Москвага учиб борган ва у ерда ғоядошлари билан учрашган ва улардан Самарқанд вилояти бўйича «ВКПб» котиби деган унвонни олган. Натижада суд эски тузум ишқибозини яшаш жойини ўзгартириш ва интернетдан фойдаланишни тақиқлаб, уч йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди.