Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» нашрига берган интервьюсида Ўш вилоятидаги сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди, ҳукумат томонидан табиий офатга қарши кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирди ва мамлакат аҳолисига уй-жойларини суғурта қилишни тавсия қилди.
Жапаров табиий офатларга ҳеч ким, ҳаттоки «жаҳоннинг буюк давлатлари ҳам» қаршилик кўрсата олмаслигини таъкидлади.
«Сел оқимининг олдини олиш мақсадида айрим жойларда қурилиш ишларини бошлаб юбордик. Ишлар давом этмоқда ва келажакда давом этади [...]. Охирги уч йил мобайнида техникаларимизни тўлиқ янгиладик. Ўтган йили салмоқли ишлар бошланган. Худо хоҳласа, уларни тез орада якунлаймиз. Профилактика ишлари тўхтовсиз давом этади», – деди республика раҳбари.
Жапаров сув тошқинидан жабр кўрган барчага давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.
Президент етказилган зарарни баҳолаш ва таклифлар тайёрлаш учун комиссия тузишни топширди. Шу билан бирга, фуқароларни четда турмасликка ва давлат суғурта компаниясига мурожаат қилиб, ўз уйларини суғурталашни ўрганишга чақирди.
«Бу кўп пул талаб қилмайди. Фалокат юз берган тақдирда суғурта компанияси мулкингизга етказилган зарарни тўлиқ қоплайди. Бу давлат корхонаси давлат назорати остида», — дея ишонтирди Жапаров.
Ўшда 14 июль куни кучли сел содир бўлди. Табиий офат оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди, улардан тўрт нафари бир оиладан бўлган. Уларнинг жасадлари дарҳол топилмаган, тўрт нафари Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидаги каналлардан топилган.
Умуман олганда, 20 апрелдан 1 июлга қадар мамлакат бўйлаб 230 дан ортиқ сел оқими қайд этилган ва ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қошидаги Фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнози департаменти директори Даурбек Сакиев буни кичик ҳудудда тўпланган ёғингарчиликнинг меъёрдан кўп бўлгани билан изоҳлайди. Шунингдек, қурбонлар сонининг кўплигига сувни муҳофаза қилиш зонасидаги қурилиш ишларининг мувофиқлаштирилмаганлиги, ахлат тўпланиши ёки каналларнинг йўқлиги ҳам сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
«Илгари бундай кўп сел оқимлари бўлмаган. Агар юзага келган бўлса, улар сунъий тузилмалар бўлмаган очиқ қатламлардан ўтган. [Аммо] сув ўтадиган ҳудудларда дам олиш масканлари, кўприклар қурилди, эстакадалар ва сайр қилиш жойлари пайдо бўлди. Бу эса сел оқимига тўсиқ бўлди. Кейинчалик бу аҳоли пунктларини сув босишига олиб келди», — дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили.
Унинг таъкидлашича, қурилишни тақиқлаш мамлакат қонунларида кўзда тутилган, «лекин гап назоратни амалга оширишда қолган». Йил бошидан буён Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан маҳаллий ҳокимликларга сел оқими оқибатида сув тошқини олдини олиш мақсадида қонунбузарлик ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан 300 дан ортиқ фармойишлар берилган. Бироқ, ҳамма туманларда ҳам қоидаларга жиддий эътибор берилмайди, деди Сакиев.
«Масалан, бу йил сел бир жойдан уч-беш марта оқиб ўтди. Биз эса уни тартибга солиш учун куч ва ресурсларимизни бир ҳудудга йўналтиришга мажбур бўламиз. <…> Биз ҳудудда қуришлар қилмаслик борасида кўрсатмалар берамиз, лекин улар бажарилмайди. Масалан, Боткен вилоятининг Раззоқов шаҳрида иккита турар-жой массиви қурилиши чоғида дарё яйлови бетон блок ва деворлар билан ёпилиб, канал торайтирилган. Сел оқими ўтадиган каналнинг кенглиги беш-олти метр бўлиши керак эди, бироқ у икки метргача торайиб кетган. Натижада сел содир бўлди. Афсуски, қурилишлар геологик хавфларни ҳисобга олмаган ҳолда олиб борилмоқда», — деди Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили.