Расмийлар Хитойнинг мустақил Тожикистон иқтисодиётига киритган сармоя ҳажмини ҳисоблаб чиқишди

Эмомали Раҳмон ва Си Цзиньпин. khovar.tj сайти фотосурати

Тожикистон мустақиллик йилларида Хитой билан кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга оширди, улар доирасида 57,2 миллиард сомони (5,3 миллиард доллар) миқдорида инвестициялар жалб қилинди. Бундай маълумотлар Марказий Осиё мамлакати Энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан тақдим этилди, дея хабар беради «Азия-Плюс».

Вазирлик хитойлик ҳамкорларнинг Тожикистон энергетика соҳасига қўшган ҳиссасини қайд этган. Жумладан, Душанбедаги 2-ИЭС, «Душанбе-500» ва «Суғд-500» нимстанциялари, узунлиги 260 километрдан ортиқ бўлган «Жануб-Шимол» электр узатиш линиялари каби лойиҳаларга алоҳида урғу берилган. Таъкидланишича, Хитой Экспорт-импорт банки ушбу ва бошқа бир қатор объектларни қуриш ва модернизация қилиш учун 880 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредитлар ажратган.

Бундан ташқари, Хитой компанияларининг Тожикистон энергетика соҳасига киритган тўғридан-тўғри сармоялари 197 миллион долларни ташкил этган.

Мамлакатда қуйидаги Хитой гигантлари лойиҳаларни амалга оширмоқда:

✅ Power China;

✅ TBEA Company Limited;

✅ Huawei;

✅ Sinohydro International Engineering.

Вазирлик қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича қўшма лойиҳаларни тилга олган. Масалан, «Пянж» ва «Данғара» эркин иқтисодий зоналари ҳудудида қуввати 1000 МВт бўлган ана шундай объектларни қуриш ишлари аллақачон бошланган. Хитой бу лойиҳаларга 400 миллион доллар сармоя киритади.

Тожикистон расмийлари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг 4-6 июль кунлари Душанбега бўладиган давлат ташрифи олдидан Хитой билан ҳамкорлик ҳақида маълумот тарқатди.

Меҳмон Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан музокаралар ўтказиши, шунингдек, янги ҳукумат ва парламент биноларининг очилишида иштирок этиши кутилмоқда. Мазкур лойиҳа Пекиннинг бевосита иштирокида амалга оширилмоқда. Хитойлик қурувчилар 2020 йили ишга киришганлар. Шу билан бирга, Хитой маъмурий идоралар қурилиши учун 220 миллион долларга яқин маблағни бепул ажратгани маълум бўлди.