Эрон Олий суди апелляция комиссияси қарорига асосланиб, ҳукуматга қарши намойишларда фаол иштирок этгани учун репер Тумаж Солеҳига (Toomaj Salehi) нисбатан чиқарилган ўлим жазосига оид ҳукмни бекор қилди. Мусиқачининг иши қайта кўриб чиқилади, дея хабар беради адвокат Амир Раисян ўзининг Х саҳифасида.
Адвокатнинг аниқлик киритишича, апелляция суди ажримига кўра, нафақат ўлим жазоси ҳақидаги ҳукм, балки Солеҳи олти йилу уч ойни колонияда ўтказиши керак бўлган аввалги ҳукм ҳам қонуний эмас. Қуйи органларнинг олдинги қарорлари жиноятлар йиғиндиси қоидаларига тўғри келмайди ва қонунга зиддир, дея таъкидлайди Раисян.
Ўтган июль ойида суд рэп ижрочисини 2022 йил кузида курд қизи Маҳса Амини ўлимидан кейин Эронни қамраб олган норозилик намойишларида қатнашгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилганди.
Жорий йилнинг апрель ойида Исфахон шаҳри суди юқори орган қарорига эътибор бермай, Солеҳини ўлимга ҳукм қилганди. Шу билан бирга, мусиқачининг адвокати ҳукмга рози эмаслигини ва албатта устидан шикоят қилишини айтганди.
Айни пайтда дунёнинг кўплаб шаҳарларида Эрон диаспораси вакиллари фаолга нисбатан қўлланилган шафқатсиз ҳукмга қарши намойиш ўтказди. Хусусан, суд ўзбошимчаликларини режиссёрлар Жаъфар Панаҳий ва Муҳаммад Расулоф танқид қилиб, ўлим жазоси ўрта асрлардан қолган ваҳший ёдгорлик эканини таъкидлаб, «бизнинг бурчимиз ўз ҳаракатсизлигимиз билан бу Эрон ўғли қалбини синдирмасликдир», деганди.
ℹ️ Тумаж Солеҳи ўз композицияларида тез-тез долзарб ижтимоий муаммоларни кўтаради ва режимни танқид қилади. У Маҳса Амини ўлимидан сўнг Эронни қамраб олган «Аёл, ҳаёт, эркинлик» шиори остидаги ҳукуматга қарши намойишларда фаол иштирок этган.
ℹ️ Маҳса Амини Курдистон вилоятида истиқомат қилган 22 ёшли қиз эди. У 2022 йил 13 сентябрь куни Теҳрон ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни «нотўғри кийганликда» айбланиб ҳибсга олинганидан кўп ўтмай вафот этганди. Полиция қизнинг ўлимини бахтсиз ҳодиса дея изоҳлаган. Бироқ, қизнинг қариндошлари бунга рози бўлишмаган. Аминининг дафн маросимидан сўнг унинг туғилиб ўсган шаҳри Саққезда норозилик намойишлари бошланиб, кейинчалик Ислом Республикасининг барча йирик шаҳарларига тарқалганди. Норозиликлар бутун куз фаслида давом этди. Хавфсизлик кучлари 20 мингга яқин намойишчини ҳибсга олди. Кейинчалик уларнинг баъзиларига ўлим жазоси берилгани маълум бўлди.