Ўзбекистон ва Жанубий Корея президентлари – Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёлнинг 14 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган музокараларида юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлиги қайд этилди. Мирзиёев 2024 йилдан 2027 йилгача бўлган даврни «икки давлат ўртасида юқори технологияли ва инновацион ҳамкорликнинг янги даври» деб эълон қилишни таклиф қилди, дея хабар қилади Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.
Икки республика ҳукуматларига Ўзбекистонда минтақавий юқори технологик хабни яратиш бўйича Стратегик дастурни тайёрлаш топширилди. Шу билан бирга, дастурнинг «лангар» йўналишлари сифатида ўзаро ҳамкорликнинг қуйидаги йўналишлари таклиф этилади:
👉 ўта муҳим минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик. Бу ресурс базасини чуқур қайта ишлаган ҳолда қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирини яратишни назарда тутади;
👉 Корея Республикаси анъанавий равишда глобал етакчилардан бири ҳисобланган яримўтказгичлар соҳасида стратегик ҳамкорлик.
Ўзбекистонда Марказий Осиёда биринчи яхлит илмий-ишлаб чиқариш кластерини барпо этиш режалаштирилган.
👉 Кимё саноатида кенг кўламли ҳамкорлик. “Яшил” водород ва аммиак ишлаб чиқариш, шунингдек, тайёр резин-техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар тайёрланган;
👉 Машинасозликда кооперацияни чуқурлаштириш. Жорий йил баҳорида Жиззах вилоятида KIA автомобилларини йиғиш линиясини ишга туширилди. Келгуси йилда йилига 60 мингдан ортиқ седан ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштирилган;
👉 «Ақлли» қишлоқ хўжалигини яратишга технологияларни жалб қилиш, шу жумладан, аграр тармоқни рақамлаштириш, «ақлли» ва «яшил» технологияларни жорий этиш;
👉 Инфратузилмани модернизация қилиш ва шаҳарсозлик дастури. Корея банклари ва компанияларининг транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида турар-жой ва тижорат объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш;
👉 Замонавий ва хавфсиз энергетика.
Музокаларда Корея Эксимбанки ва EDCF жамғармаси билан шериклик муваффақиятли бўлаётгани мамнуният билан қайд этилди, улар билан қўшма лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошган. EDCF жамғармаси доирасида 2 миллиард долларлик янги лойиҳалар, жумладан, юқори тезликдаги электр поездларни етказиб бериш, «Тошкент Фарма Парк» лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш ва таълим муассасаларини жиҳозлаш бўйича келишувга эришилган.
Саммитга тайёргарлик кўриш жараёнида юқоридаги йўналишлар бўйича 9,6 миллиард долларлик янги лойиҳалар портфели шакллантирилган.
Икки давлат халқларини янада яқинлаштириш мақсадида келаси йилни «Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ўзаро алмашинув йили» деб эълон қилиш, фанлараро маданий тадбирларни ўтказиш таклиф этилди. Ўзбекистондаги корейс диаспорасининг 90 йиллиги кенг нишонланадиган 2027 йилга келиб, Тошкентда Корея маданияти ва санъати уйида музей ва кутубхона очилади.
Музокараларда бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Корея Республикаси Ўзбекистоннинг етакчи савдо ва сармоявий шериклари қаторидан жой олгани таъкидланди. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард долларга етган, Корея сармояси ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошган, сайёҳлар оқими кўпаймоқда, Тошкент ва Сеулни ҳафтасига 10 та рейс боғламоқда.
Ўтган йил март ойида ректорларнинг биринчи Ўзбекистон-Корея форуми бўлиб ўтган эди. Келгуси йили янги учрашув бўлади. Ўзбекистонда Корея Фан ва Технология Институти (KAIST) модели асосидаги олий таълим муассасаси пайдо бўлади.
ℹ️ Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл 13 июнь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Асосий тадбирлар 14 июнь куни бўлиб ўтади. Ташрифнинг сўнгги куни – 15 июнь куни мартабали меҳмон Самарқандда бўлиб, у ерда Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси билан танишади.