Қозоғистонда Ленин номидаги шахтада кончиларнинг ҳалок бўлганига доир иш юзасидан суд ҳукми эълон қилинди

Қараганда вилояти ҳокимияти сайти фотосурати

Шахтинск (Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида жойлашган шаҳар) суди беш нафар кончи ҳаётига зомин бўлган Ленин номидаги шахтада юз берган портлаш юзасидан ҳукм чиқарди, деб хабар беради Informburo.kz.

Судланувчилар курсисида коннинг бош муҳандиси Пётр Ли, шамоллатиш ва хавфсизлик бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Дмитрий Аблов, участка бошлиғи ёрдамчиси Талгат Баякенов ва смена бошлиғи Андрей Завяловлар бўлган. Улар кон ёки қурилиш ишларини олиб боришда эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган хавфсизлик қоидаларини бузганликда (ҚР Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми) айбланган.

Суд Пётр Лини беш йилга, Дмитрий Абловни тўрт йилга, қолган айбланувчиларни эса тўрт ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Улар жазони минимал хавфсизлик тизимидаги жазони ижро этиш тизимида ўтайди. Бундан ташқари, барча судланганлар уч йил муддатга кончилик соҳасида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Tengrinews.kz хабар беришича, суд шунингдек, маҳкумлардан жабрланганлар ҳар бирининг фойдасига 20 миллион тенге (тахминан 45 минг доллар) ундиришдан бош тортган.

Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин.

Ленин номидаги шахтада фавқулодда ҳолат 2022 йил 3 ноябрга ўтар кечаси содир бўлган. Портлаш бурғулаш ишлари вақтида содир бўлган. Ўша пайтда конда 106 киши бўлган. Дастлаб 4 нафар қурбон ҳақида хабар берилган, бироқ қутқарувчилар кейинроқ бешинчи ишчининг жасадини топганлар. Тўрт кончи жароҳатланган.

Ўша пайтда Ленин номидаги кон «АрселорМиттал Темиртау» компаниясининг активларидан бири бўлиб, у ўз навбатида ҳинд миллиардери Лакшми Митталнинг ArcelorMittalлига тегишли бўлган. Бир йил ўтгач, 2023 йил ноябрь ойида худди шу компаниянинг бошқа корхонасида — Қарағандадаги Костенко номидаги конда метан портлаши содир бўлган. Натижада 46 нафар кончи ҳалок бўлган.

Шундан сўнг, президент Қосим-Жомарт Тўқаев хорижий инвестор билан ҳамкорликни тўхтатишни буюрган, «АрcелорМиттал Темиртау» қозоғистонлик тадбиркор Андрей Лаврентьевга ўтказилган. Кейинчалик компанияга Qarmet тарихий номи қайтарилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ