Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органига айланади. Бу ҳақда Республика Президенти Шавкат Мирзиёев 5 июнь куни имзолаган қонунда сўз юритилади.
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун давлат органлари, муассасалар, унитар корхоналар, мақсадли жамғармалар ва устав капиталида давлат улуши камида 50 фоиз бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан қўлланилади.
Манфаатлар тўқнашуви қуйидаги ҳолларда юзага келиши мумкин:
👉 мансабдор шахс ўз қариндошини бевосита бўйсунувчи қилиб ишга олса;
👉 агар давлат корхонаси ёки давлат органи мулкдори ёки раҳбари давлат корхонаси ходими бўлган юридик шахс, шунингдек унинг қариндошлари билан шартнома тузса;
👉 агар корхона раҳбарининг қариндоши ўша объектда текширув ўтказиши лозим бўлса.
Қонунда бундай ҳолатларни аниқлаш механизми белгиланган. Ҳақиқий ёки потенциал манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабардор бўлган ходим бу ҳақда ўз раҳбарига ёки тегишли бўлимга хабар бериши керак. Ҳужжатда мансабдор шахсларнинг аниқ номлари ва масаланинг моҳияти кўрсатилиши керак.
Давлат органи раҳбари ёки махсус бўлинма раҳбари манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш учун жавобгар ҳисобланади. Қонун талабларига риоя этилишини коррупцияга қарши курашиш органи ёки исталган давлат органи ҳузурида тузилган ахлоқ комиссияси назорат қилиб бориши, уч кун ичида ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги барча маълумотларни тақдим этиши шарт.
Комиссия манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича масъул шахслар томонидан кўрилган чораларнинг етарлилиги ва тўғрилигини баҳолайди. Вазият ҳал қилинмаган деб топилса, иш материаллари судга юборилади.
Тартибга кўра, ҳар қандай ташкилотнинг махсус бўлинмаси ҳар йили 15 февралгача ходимлардан қабул қилинган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар таҳлилини тайёрлайди. Кейинчалик бу маълумотлар ахлоқ комиссиясига топширилади.