Қирғизистон Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) 190-Конвенциясига қўшилган Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлди. Республика Бош вазири ўринбосари Эдил Байсалов ўз мамлакатининг мазкур ҳужжатга қўшилганлиги тўғрисидаги ратификация ёрлиғини ХМТ Бош директори Жильбер Унгбога топширди. Бу 3 июнь куни Женевада бўлиб ўтаётган Халқаро меҳнат конференциясининг 112-сессияси арафасида содир бўлди, деб хабар беради республика ҳукумати.
Байсалов Унгбога ковиддан кейинги даврда Қирғизистон сезиларли ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришганини маълум қилди. Сиёсатчи иқтисодий ўсишнинг кучайиши, иш ҳақи ва ишчи кучига талабнинг ошаётганини қайд этди.
«Бугун Қирғизистон ташқи меҳнат муҳожирлари сонини қарийб 300 минг кишига қисқартира олди. Улар учун нафақат мамлакат ичида иш ўринлари ярата олдик, балки Қирғизистон халқаро меҳнат муҳожирлари учун ҳам жозибадор манзилга айланиб бормоқда», — деди Байсалов.
Қирғизистон ҳукумати мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва керакли меҳнат шароитларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда, жумладан, мамлакат Жанубий Осиё меҳнат миграцияси оқими учун тобора оммабоп манзилга айланиб бормоқда, дея қўшимча қилди Бош вазир ўринбосари.
ℹ️ 190-сонли конвенция (К190) «Меҳнат оламида зўравонлик ва таъқибга барҳам бериш тўғрисида» деб номланади, унда ҳар бир инсон зўравонлик ва таъқиблардан, жумладан, жинсга асосланган зўравонлик ва таъқиблардан холи меҳнат дунёсига эга бўлиш ҳуқуқига эга экани таъкидланади. Конвенция 2019 йил 21 июнь куни ХМТ ташкил этилганининг 100 йиллигига бағишланган Халқаро меҳнат конференциясида қабул қилинган.
К190 меҳнат муносабатларининг барча иштирокчиларини ҳимоя қилади, шу жумладан:
👉 миллий қонунчилик ва амалиёт бўйича ёлланган ходимларни;
👉 иш билан таъминланган шахсларни, уларнинг шартнома ҳолатидан қатъи назар;
👉 касбий тайёргарликдан ўтаётган шахсларни, шу жумладан стажёрлар ва талабаларни;
👉 меҳнат муносабатлари тугатилган ишчиларни;
👉 кўнгиллиларни;
👉 иш қидирувчилар ва иш изловчиларни;
👉 ваколат функцияларини амалга оширувчи, иш берувчининг вазифаларини бажарувчи ва жавобгар бўлган шахсларни.
C190 аъзо давлатлари аниқ ижро механизмлари асосида иш жойидаги зўравонлик ва таъқибнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кенг қамровли миллий дастурни ишлаб чиқишлари керак. Иштирокчи мамлакатлар ҳукуматлари иш жойидаги тазйиқ қурбонлари ҳимоя воситалари ва ёрдам олиш имкониятига эга бўлишини таъминлаш мажбуриятини оладилар ва иш берувчилардан дастур талаблари ва тартибларига риоя қилишни талаб қилади.