28 май куни бўлиб ўтган йиғилишда Таиланд ҳукумати 36 давлат фуқаролари учун визасиз режим жорий этилишини маъқуллади. Бу ҳақда Таиланд Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Bangkok Post нашрининг ёзишича, визасиз режим амал қиладиган давлатлар қаторига Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Ҳиндистон, Лаос, Мексика, Марокаш ва бошқалар киради. Ушбу мамлакатлар фуқаролари Таиландда 60 кунгача визасиз қолиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу имкониятдан жами 93 та давлат фуқаролари фойдалана олади.
Ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари Таиландга келганларидан сўнг 15 кунгача виза олишлари мумкин, қозоғистонликлар учун 30 кунлик «визасиз» режим мавжуд.
Бангкокнинг тушунтиришича, Таиланд 22 йил давомида виза олиш бўйича чоралар ва қоидаларни такомиллаштирмаган. Энди эса, бу дунё билан ҳамнафас бўлиш учун зарур қадам, деб эътироф этилмоқда. Таъкидланишича, Таиландда 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатга визасиз қолиш имконияти бир томонлама чора ҳисобланади, шу билан бирга, бундай ҳуқуқни бериш масаласини кўриб чиқиш мезонларида «сиёсат ва халқаро муносабатларда ўзаро муносабатлар тамойили» ҳисобга олинади.
Таиланд Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, фуқаролари келганидан сўнг виза бериладиган давлатлар рўйхатини 19 дан 31 гача кенгайтиришни маъқуллади. Ишламоқчи ёки сайёҳлик масканларига ташриф буюрмоқчи бўлган хорижликлар 180 кунлик визани яна 180 кунга узайтириш имкониятини берадиган беш йиллик визага эга бўлади. Илгари улар Таиландда фақат 60 кунгача қолиш ҳуқуқига эга бўлганлар.
«Бундай чора рақамли кўчманчилар, масофадан туриб ишлайдиганлар ва фрилансерлар, шунингдек, таиландликларнинг бокси ва ошхонасини ўрганишни истаганлар учун мўлжалланган», — деб тушунтиради ҳукумат раиси Чай Ватчаронг.
Таиланд ҳукумати, шунингдек, Таиланд университетларининг хорижлик битирувчиларининг қолиш муддатини ўқишни тугатгандан сўнг бир йилга узайтиради.
Чай Ватчаронгнинг таъкидлашича, виза сисатини енгиллаштириш натижасида бюджет йўқотишлари йилига тахминан 12,3 миллиард баҳт (335 миллион доллар) ни ташкил қилади. Шу билан бирга, туризмдан олинадиган даромад сезиларли даражада ошиб, 1 триллион баҳтга (27 миллиард доллар) етиши кутилмоқда.
ℹ️ Arton Capital компанияси томонидан маълум бир давлат фуқароларининг хорижга чиқиш имкониятидан келиб чиққан ҳолда тузилган жаҳон паспорт кучи рейтингида Қозоғистон 2024 йил ҳолатига кўра 55-ўринни эгаллаб турибди. Бу республика фуқаролари 44 та давлатга визасиз, 46 тасига келганда виза олишлари мумкин ва улар 108 та давлатга олдиндан виза олишлари керак.
Худди шу рейтингда Ўзбекистон 68-ўринни эгаллайди: визасиз 30 давлат, келганда виза олиш билан 43 та, олдиндан виза олиниши керак бўлган давлатлар сони 125 та. Республика айнан шундай вазиятга эга Қирғизистон билан бир пағонада туради.
Тожикистон 70-ўринда: унинг фуқаролари 26 та давлатга визасиз, 44 та давлатга келиш визаси билан, 128 та давлатга олдиндан берилган виза билан боришлари мумкин.
Туркманистон 77-ўринда, бу ерда нисбат қуйидагича: визасиз 18 давлат, келишда 45, олдиндан 135 давлат.