Бишкекнинг «Манас» аэропорти покистонликларга тўла, улар учун қўшимча чартер рейслари ташкил этилган. Биргина 21 май куни саккизта самолёт Исломобод, Пешовар ва Лаҳорга учади, деб ёзади Economist.kg аэропортнинг онлайн-таблосига таяниб.
Kaktus.media хабарига кўра, покистонлик гуруҳлар кечаси «Манас»га етиб кела бошлаган. Гап асосан талабалар ҳақида кетмоқда, лекин болали оилалар ҳам бор. Одамлар гавжумлиги боис аэропорт хавфсизлик хизмати ва полиция ходимлари юзага келиши мумкин бўлган провокациялар олдини олиш мақсадида вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.
Бир неча кун аввал Покистон Бош вазири ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Исҳоқ Дар унинг ҳукумати бюджет маблағларидан фойдаланган ҳолда юртдошларини ўз ватанига эвакуация қилиш учун бир қатор тижорий рейслар ташкил қилганини айтганди. Унга кўра, 670 нафар покистонлик олиб чиқилиши режалаштирилган, уларнинг аксарияти Қирғизистон университетларида таҳсил олаётган ёшлар. Афтидан, Бишкекни тарк этиш истагида бўлганлар сони ортиб бормоқда, бу эса расмий Исломободни ўз фуқаролари учун қўшимча рейслар ташкил этишга мажбур қилган.
Хорижлик талабалар хавфсизлиги масаласи 20 май куни Остонада бўлиб ўтган Исҳоқ Дар ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинган. Покистонлик ҳамкасбидан чет эллик талабаларга қилинган ҳужумлар учун барча айбдорларни жазолашни сўраган. Кулубаев, ўз навбатида, дипломатни ҳукумат Бишкекда яшовчи хорижликлар хавфсизлигини таъминлашига, шунингдек, ватанига учиб кетишга қарор қилганларга ёрдам кўрсатишига ишонтирган.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда Қирғизистонда ушбу давлатдан 11 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.
Қирғизистон Таълим ва фан вазири ўринбосари Расул Абазбек уулунинг аниқлик киритишича, республикадаги олий ўқув юртларида турли давлатларнинг 29 мингга яқин фуқароси таҳсил олади. Бундай ҳамкорлик мамлакат бюджетига 12 миллиард сўмдан (136 миллион доллар) 16 миллиард сўмгача (181 миллион доллар) пул туширмоқда.
ℹ️ Бишкекликлар ва чет эллик талабалар ўртасидаги можаро 18 майга ўтар кечаси авж олган. Бирдан юзага келган норозилик интернетда 13 май куни пойтахт хостелларидан бирида қирғизистонликлар ва хорижликлар ўртасида содир бўлган муштлашув видеосига муносабат бўлган. 17 май куни кечқурун маҳаллий ёшлар чет элликлардан «қасос олиш» учун йиғилиб, уларнинг жавобгарликка тортилишини талаб қилишган.
Кейинчалик Республика Ички ишлар вазирлиги тартибсизликларни қўзғатувчилар «осиёлик кўринишдаги шахслар» эканини таъкидлайди. Шунингдек, безорилик бўйича қўзғатилган жиноий ишда хостелга уюштирилган ҳужумда иштирок этган тўрт нафар хорижлик (фуқаролиги кўрсатилмаган) ва икки нафар қирғизистонлик қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилгани маълум бўлди.
Безорилар қилмишидан жабр кўрган 29 нафар фуқаро тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Бироқ, кейин яраланганлар сони 41 кишига кўпайган. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аниқлик киритишича, Президент Садир Жапаров топшириғига кўра, можарода касалхонага ётқизилган хорижлик иштирокчилар бепул даволанмоқда. Таълим ва фан вазирлиги чет эллик талабаларнинг ўқишини вақтинчалик онлайн режимга ўтказди.