Қирғизистон Энергетика вазирлиги: Мамлакатда кичик АЭС қуриш лойиҳасини ишлаб чиқишга ўн йил кетади

РИТМ-200Н РЕАКТОРЛИ КИЧИК АЭС ЛОЙИҲАСИ. ATOMIC-ENERGY.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қирғизистонда кичик атом электр станцияси (АЭС) қуриш лойиҳасини ишлаб чиқишга 10 йил талаб этилади. Бу ҳақда республика Энергетика вазири ўринбосари Таалайбек Байгазиев маълум қилди, дея хабар беради «Акчабар».

«Бу тез амалга ошмайди. Бу узоқ жараён. Ҳозирда ўрганиш ва муҳокама қилиш жараёни давом этмоқда. Энг муҳим масалалардан бири Қирғизистондаги атом электр станциясида ишлайдиган мутахассисларни тайёрлашдир»,дея тушунтирди Байгазиев республикада атом инфратузилмасини ривожлантиришга бағишланган семинарда.

Бундан ташқари, техник-иқтисодий асослаш (ТИА), лойиҳанинг ўзини ишлаб чиқиш ва жиҳозларни тайёрлаш зарур, дея қўшимча қилади вазир ўринбосари.

Унинг тушунтиришича, ҳозирда мамлакатда ишлаб чиқариш қуввати етишмайди. Асосий электр энергияси гидроэлектростанцияларда, 10% га яқини иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Келажакда Қирғизистон бутунлай яшил электр энергиясига ўтиши керак.

«Яшил энергия қаторида атом электр станцияси қурилиши ҳам бор. Бугун бизга катта қувватли атом электр станциялари керак эмас. Биз АЭСдан узоқлашмаслигимиз керак – бунинг учун бизда яхши шарт-шароитлар мавжуд», — дея вазир ўринбосарининг сўзларидан иқтибос келтиради Economist.kg.

Байгазиев Қирғизистон Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси билан республикада кичик атом электр станциясини қуриш бўйича келишиб олганини эслатди. Март ойида у «Росатом» дастлабки техник-иқтисодий асосни ишлаб чиққани ҳақида хабар берганди. Қирғизистон Энергетика вазирлиги ва «Росатом» ҳамкорлигида ташкил этиладиган атом саноати мутахассисларини тайёрлаш бўйича ўқув марказида кичик атом электр станциялари учун кадрлар тайёрлаш режалаштирилган.

ℹ️ Томонлар 2022 йил 20 январь куни Қирғизистонда кичик атом электр станцияларини қуриш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Ўша йилнинг февраль ойида Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров АЭС қурилиши режаларини қўшни давлатларда бундай станциялар пайдо бўлаётгани билан асослаган эди. Ноябрь ойида Сочидаги «Атомэкспо» форумида Россия ва Қирғизистон вакиллари республикада кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича дастлабки техник-иқтисодий асослаш бўйича техник шартни имзолаган эди. Ҳужжатда РИТМ-200Н реактори негизида атом электр станциясини қуриш нияти билдирилган.

Ҳозиргача Марказий Осиё мамлакатларида бирорта ҳам атом электр станцияси қурилмаган, бироқ Қозоғистон ва Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён бундай станциялар қуриш масаласи ўрганиб келинмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ