15 май куни Кулсари шаҳрининг (Қозоғистоннинг Атирау вилояти Жилёй тумани маъмурий маркази) сув тошқинидан жабр кўрган юзлаб аҳолиси туман маъмурияти биноси олдига йиғилди, деб хабар беради «Ак Жайык» нашри.
Намойишчилар М.Отемисули хиёбонини тўсиб қўйишган. Аскарлар ва полициячилар содир бўлаётган воқеаларга аралашмасдан ҳаракатни кузатиб туришган. Намойишчилар маҳаллий ҳокимият органлари сув тошқинидан етказилган зарарни баҳолашни пайсалга солаётганидан, шу сабабли улар товон пулини ололмаётганларидан шикоят қилишган.
Митингда сув босган уйлар учун товон пули – ҳар квадрат метр учун 400 минг тенге (тахминан 900 доллар) экани айтилган – одамлар пулларни қўлга беришларини талаб қилишмоқда.
Туман ҳокими Жумабек Каражанов йиғилганлар олдида сўзга чиқиб, уй-жой масаласи «қонун доирасида» ҳал этилишига ишонтирган.
«Маблағлар уй-жойи таъмирлашга муҳтож деб топилганларга ажратилади. Агар уй хавфли деб ҳисобланса, унда Атирау вилоятининг исталган жойидан янги уй қуриш ёки уй сотиб олиш мумкин. Аммо молиявий маблағлар одамлар қўлига берилмайди, бу уйни сотган шахснинг ҳисобига ўтказиш йўли билан амалга оширилади», — дея таъкидлаган у.
Шу билан бирга, ҳокимнинг сўзларига кўра, жабрланувчилар ўзлари учун уй-жой танлаш имкониятига эга.
Нашр таъкидлаганидек, ҳозир бўлганларнинг кўпчилиги амалдорнинг сўзлари кўпчиликка хуш келмаган.
«Менинг уйим яшаш учун яроқсиз деб топилди. Бизга пул беришсин, ўзимиз уй қуриб оламиз. Бизга уй қуриб берамиз, дейишяпти, лекин давлат томонидан қурилган уйларни кўряпмиз, сифатсиз, қўл учида қурилган, — дея мақолада митинг иштирокчиларидан бирининг сўзлари келтирилади.
Жорий акция шу ой бошидан буён шаҳарда иккинчи маротаба ўтказилди. 3 майга ўтар кечаси бир неча ўнлаб маҳаллий аҳоли туман ҳокимлиги биносига келиб, давлат томонидан ажратилган пулни беришларини талаб қилган.
Жорий йил баҳорида Қозоғистонда сўнгги 80 йилдан ортиқ вақтдаги энг йирик сув тошқини содир бўлмоқда. Бир қатор ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Қулсари шаҳри бир неча ҳафта давомида сув остида қолган. Ҳозирда у ерда сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.