Бишкекнинг Октябрь тумани прокуратураси ходимлари пойтахтлик фуқаронинг тўрт ойлик асраб олган қизалоғини тортиб олган милиция ва ижтимоий соҳа ходимларига нисбатан масъулиятсизлик моддаси билан жиноий иш қўзғатди. Бундан ташқари, болани касалхонага ётқизишган ва у ерда гўдак вафот этган. Бу ҳақда Қирғизистон Бош прокуратурасига таяниб, «Сводка-АКИпресс» нашри хабар берди.
Назорат маҳкамаси маълумотларига кўра, 8 апрель куни бир аёл Октябрь тумани ижтимоий ҳимоя бўлимига мурожаат қилиб, асраб олган фарзандига шахсни тасдиқловчи ҳужжат беришларини сўраган. Бироқ, боланинг бундай ҳужжати йўқлигини билган давлат хизматчилари полицияни чақирган.
Ички ишлар бошқармаси ходимлари ижтимоий соҳа ходимлари билан биргаликда болани бишкеклик фуқародан тортиб олишган. Шу билан бирга улар асраб олинган боланинг аҳволи она қарамоғида яхши эканини, унга зарур ёрдам кўрсатилаётганини ҳисобга олишмаган.
Гўдакни реабилитация марказига беришган ва у 12 апрель куни вафот этган. Бош прокуратуранинг қайд этишича,
тўрт ойлик чақалоқ ўлимига шифохона ходимларининг унга нисбатан бепарво муносабати сабаб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан шифокорлар, милиция ходимлари ва ижтимоий соҳа ходимларига нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 348-моддаси («Масъулиятсизлик») билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ишларини мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг пойтахт бошқармаси олиб бормоқда.
Бишкек реабилитация маркази вазиятга зудлик билан жавоб берди. Муассаса директори Чўлпон Ариқпаеванинг айтишича, тиббиёт ходимларини айблашга ҳали эрта.
У воқеа тафсилотларини ҳам айтиб берди. Унинг сўзларига кўра, қиз 9 апрель куни марказга олиб келинган. 12 апрель куни эрталаб бемор овқатланган, аммо 30-40 дақиқадан сўнг ҳамшира боланинг ранги оқариб кетганини аниқлаган. Шифокорлар чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилишган, бироқ уларнинг уринишлари бесамар кетган. Шундай қилиб, дастлабки тўсатдан чақалоқ ўлими синдроми ташхиси қўйилган. Жасадни ёриб ўрганиш зўравон ўлим ёки аспирация ва гематомалар йўқлигини кўрсатган.
Ариқпаеванинг сўзларига кўра, биологик она қандай касалликларга чалингани номаълум бўлгани учун болани парвариш қилган аёл чақалоқни тўлиқ текширувдан ўтказиши керак бўлган. Аммо тиббиёт маркази ходимларининг айби судда исботланса, жавобгарликни ташкилот ўз зиммасига олади, дея хулоса қилади унинг раҳбари.
ℹ️ Шунга ўхшаш воқеа 2015 йил октябрь ойида Россияда содир бўлган эди. Ўшанда Санкт-Петербург полицияси Тожикистондан келган оилани иммиграция қонунчилигини бузгани учун ҳибсга олган. Шундан сўнг, уларнинг беш ойлик фарзанди Умарали Назаровни «ота-она қарамоғисиз қолгани» учун тортиб олишган. Бола махсус тиббий марказга олиб кетилган, бир неча соатдан кейин чақалоқ вафот этган. Орадан бир йил ўтиб россиялик терговчилар Умарали Назаровнинг ўлими бўйича жиноий ишда «жиноят аломати йўқлиги» туфайли ишни тўхтатишган.