«Сорос–Қирғизистон» фонди ўз фаолиятини тўхтатди

Жорж Сорос. ytimg.com сайти фотосурати

Open Society Foundations (Россияда номақбул ташкилот сифатида тан олинган «Очиқ жамият» фонди) республикада «хорижий агентлар тўғрисида» номи билан машҳур «хорижий вакиллар тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши муносабати билан «Сорос-Қирғизистон» фонди ёпилганини эълон қилди. Ушбу хабар фонд сайтида эълон қилинган.

Унда айтилишича, «Сорос-Қирғизистон» маҳаллий ходимлардан ташкил топган ва улар ёрдами бошқарилади, лекин молияни хориждан олади. Бу эса уни хориждан молиялаштириладиган барча нодавлат нотижорат ташкилотлари қатори «сиёсий» фаолияти тўғрисида ҳокимиятга ҳисобот беришга мажбур қилади ва бошқа ҳуқуқий чекловларга дучор бўладиган объектга айлантиради.

ℹ️ «Сорос-Қирғизистон» фонди 1993 йили ташкил этилган ва кейинги ўттиз йил давомида ташкилот республикага ҳукумат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлари билан биргаликда кенг кўламли лойиҳаларни молиялаштириш учун 115 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратган. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, янги рақамли технологиялардан фойдаланишни таъминлаш, жиноий судлов ва юридик ёрдам тизимини ислоҳ қилиш бўйича ишлар шулар жумласидандир.

«Афсуски, янги қонунга кўра, мамлакат фойдасига қаратилган мазкур саъй-ҳаракатларга ноҳақдан «хорижий агентлар» номи берилади», — дейилади фонд хабарида.

ℹ️ «Нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунга «чет эл агентлари тўғрисида»ги деб номланган ўзгартиришлар Қирғизистон президенти томонидан 2 апрель куни имзоланган. Ўзгартиришлар нодавлат ва нотижорат ташкилотлари учун фаолият қоидаларини қаттиқлаштиради. Хусусан, эндиликда ваколатли давлат органлари хорижий донорлардан пул оладиган ташкилотлардан қўшимча ҳисобот талаб қилиши, уларнинг тадбирларида иштирок этиши мумкин, солиқ хизмати органларига эса режадан ташқари текширишлар ўтказишга рухсат берилади. «Хорижий вакиллар» деб тан олинган нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ўз нашрларини тегишли ёрлиқлар (маркировка) билан ёритиши лозим. Қирғизистон президенти Садир Жапаров қонуннинг имзоланиши нотижорат/нодавлат ташкилотлари ва уларнинг вакилларини таъқиб қилишга олиб келмаслигига ишонтирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ