Депутатлар хиёнатда айбланаётган Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири фаолиятини текширадилар

ЖУСУПБЕК КЎРҒЎНБАЙ УУЛУ (ЧАПДА) ВА АЛИМҚАДИР БЕЙШЕНАЛИЕВ. "ФАРҒОНА" КОЛЛАЖИ

3 апрель куни Жогорку Кенешда (Қирғизистон парламенти) Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ўрганиш бўйича вақтинчалик депутатлик комиссияси тузилди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.

Бунга депутат Жусупбек Қўрғўнбай уулунинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Алимқадир Бейшеналиевни хиёнат, коррупция ва уюшган жиноий гуруҳлар (УЖГ) билан алоқадорликда айблаган нутқи сабаб бўлган.

«Қирғизистон ривожланаётган бир пайтда, маълум бўлишича, орамизда хоинлар ҳам бор. Уларнинг орасида Соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев ҳам бор. У лавозимга киришиши биланоқ президент ишончини қозониб, унинг номини сотган ҳолда соғлиқни сақлаш тизимини вайрон қилмоқда», — деди депутат.

Унинг сўзларига кўра, Бейшеналиев «Америка пулига» яширинча уйида ва бошқа жойларда операциялар ўтказган, юқори лавозимга тайинлаш учун 20 минг доллардан 50 минг долларгача пора олган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлигида барқарор коррупция схемаси яратилган. Лавозим учун ставкалар 5 минг доллардан 45 минг долларгача боради. Вилоят касалхонаси бош врачи квартирани 45 минг долларга сотган, кейин барча мудирларни йиғиб, улардан бу пулни бир чоракда йиғишни, ким бу ишни қила олмаса, ўрнини бўшатиб қўйишини сўраган», — дейди Қўрғўнбай уулу.

Депутатга кўра, Бейшеналиев:

👉 хусусий хориж компанияларидан 1,5 миллиард сўмлик (ҳозирги курс бўйича қарийб 17 миллион доллар) 2,4 миллион доза вакциналарни ноқонуний сотиб олган;

👉 БАА ва Туркиядаги мулкларини учинчи шахслар номига ўтказган;

👉 Иссиқкўлда ССВ раҳбарининг ўғлига тегишли ширкат тасарруфидаги «Олтин болалик» санаторийси қурилиши учун ажратилган маблағнинг бир қисмини «ўғирлаган»: «Лойиҳада кўрсатилган материаллар ўрнига, бошқа, паст сифатли материаллар сотиб олинган. Масалан, керамика ўрнига полга линолеум сотиб олинган»;

👉 Давлат дорихоналарида яроқлилик муддати ўтиб кетган дори воситалари сотилади, уларни «вазир оиласига вақти-вақти билан совғаларни инъом этадиган» компания раҳбарлари сотиб олади.

«Алимқадир Бейшеналиев ва унинг яқинларининг бойлиги 2 миллиард сўмдан (22,5 миллион доллар) ошади. Унинг пойтахтда 3,5 миллион долларлик 47 та ҳашаматли квартираси, 1,8 миллион долларлик «Эра Констракшн» МЧЖдан 15 та хонадон, 1 миллион долларлик 20 та автомашина, Иссиқкўлда 1,8 миллион долларлик ўнта савдо участкаси, кўл бўйида бозор баҳоси 8 миллион доллардан ортиқ иккита санаторийси бор, шунингдек, нуфузли туманда 1 миллион долларлик иккита турар-жой биноси бор»,дея санаб ўтган депутат.

Қўрғўнбай уулу авваллари ҳам Бейшеналиевга қарши айбловлар билан чиққан. Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари депутатни вазир креслоси насиб қилмаганидан ранжиётганини айтади.

«Аслида депутатнинг норозилиги шундаки, у Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб, кадрлар тайинланмоқчи бўлган. Мен бунга йўл қўймаганман ва ҳеч кимга ҳам рухсат бермайман»,дея таъкидлайди Бейшеналиев.

ℹ️ Алимқадир Бейшеналиев икки марта Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган. У биринчи марта 2020 йил октабрь ойида вазирлик лавозимини эгаллаган. Тез орада у COVID-19 ни иссиқкўлнинг заҳарли илдизи аконит дамламаси билан даволаш таклифи биланоммага машҳур бўлган.

2022 йил июнь ойида Бейшеналиевга нисбатан еттита жиноий иш қўзғатилгани хабар қилинган эди. Улардан бири коррупция (коронавирусга қарши вакциналарни сотиб олиш билан боғлиқ), иккитаси пора ундириш ва тўрттаси мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва қасддан фойда келтирмайдиган шартнома тузиш моддалари бўйича қўзғатилган. Бейшеналиев лавозимидан четлаштирилиб, тергов изоляторига жойлаштирилган, бироқ икки ҳафтадан кейин у уй қамоғига ўтказилган.

2022 йил август ойида унинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тўхтатилган, кейин эса Соғлиқни сақлаш вазири лавозимидан озод этилган. 2023 йил сентябрида Бейшеналиев яна ССВ раҳбари этиб тайинланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ