Бош прокуратура Самарқандда машинага кишанлаб қўйилган бола акс этган видеога муносабат билдирди

Боланинг кишанланган оёқлари. Ижтимоий тармоқдаги видеодан скриншот

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари «Дамас» автомашинаси полига кишанлаб қўйилган бола акс этган видеога муносабат билдирди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 138-моддаси («Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш») билан жиноят иши қўзғатилган, деб хабар беради Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ўзининг Telegram-каналида.

Мулозим Самарқанд шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилаётган тергов ишлари республика назорат маҳкамаси томонидан кузатиб борилаётганига аниқлик киритди.

Ўзбекистон Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам вазиятга изоҳ берди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, 16 март куни бепарво бўлмаган одамлар 2011 йили туғилган, кейинроқ маълум бўлишича, ҳарбий спорт мактабининг 6-синфида ўқиётган болакайнинг машина полига кишаблаб қўйилганини видеога олишган. Ўша куни таълим муассасаси вакиллари боланинг васийларини чақириб, хулқи оғирлиги туфайли болани Самарқанд вилояти «Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази»га олиб боришни сўраган.

Олтинчи синф ўқувчисининг йўлда қочиб кетишига йўл қўймаслик учун васий боланинг оёқларини «Дамас» машинаси полига кишанлаб қўйган. Бу аҳволни кўрган самарқандликлар ҳолатни видеотасвирга олиб, интернетга жойлаштиришган.

Ҳозирда болага тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Мутасаддилар бу ишни назоратга олган.

«Бола қандай хулқда бўлишидан қатъи назар, унга нисбатан бундай ғайриинсоний, ноқонуний чора кўрилишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Бундай чора боланинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлиги ҳуқуқига зиддир», — дейилади болалар омбудсмани муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов томонидан Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида мазкур воқеага муносабат билдирган. Унга кўра, видео Самарқанднинг Боғишамол туманида суратга олинган. Бундан ташқари, ўткинчилар дарҳол ҳуқуқ тартибот органига мурожаат қилишган. «ИИО ходимлари зўровон шахснинг собиқ ходим эканини билгач, атрофдагиларга бу ҳолатнинг зўровонлик бўлмагани ҳақидаги далолатномага қўл қўйдиришибди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи собиқ ходими томонидан банди қилинган болакай ҳозирда Самарқанд шаҳар ИИБ 4-бўлимида, тақдирини билмаймиз. Aммо болани банди қилган, уни қийнаган одам уйида бемалол ўтирибди», — деб ёзади Ташанов.

ℹ️ «Дамас»га кишанланган бола воқеаси Ўзбекистон ҳукумати томонидан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши фонида содир бўлди. Шундай қилиб, февраль ойи охирида республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси болалар тарбиясида жисмоний жазолашни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Бундай ҳужжатни қабул қилиш долзарб эканини статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди, унга кўра, 2021 йили вояга етмаганларга нисбатан 1831 та жиноят қайд этилган бўлса, бир йилдан сўнг бу кўрсаткич 20 фоизга ошиб, 2194 эпизодга етган. Бундан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлаганидек, 2023 йилнинг 9 ойида мамлакатда оилавий зўравонлик оқибатида 22 нафар бола ҳалок бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ