Тўқаев Қозоғистон гербини ўзгартиришни таклиф қилди

Қозоғистон герби. akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон гербини ўзгартиришни таклиф қилди, чунки ҳозирги гербни идрок қилиш қийин ва унда «совет даври белгилари» мавжуд. Бу ҳақда давлат раҳбари Атираудаги Миллий қурултойда маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Давлат гербига келсак, Қозоғистон гербини идрок этиш жуда қийинлиги, унда эклектика ва совет даври белгилари мавжудлиги ҳақидаги мутахассислар ва манфаатдор фуқаролар, жумладан, ёшларнинг асосли далилларини инобатга олиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

Агар умум келишувга эришилса, барча жиҳатларни моҳиятан кўриб чиқадиган ва жамоатчилик муҳокамасини ўтказадиган махсус комиссия тузиш мумкин. Кейин Қозоғистоннинг янги Давлат гербининг энг яхши эскизини яратиш учун очиқ танлов эълон қилинади», — деди президент.

Қозоғистоннинг амалдаги герби расман 1992 йили қабул қилинган. Унинг муаллифлари таниқли архитекторлар Жандарбек Малибеков ва Шот-Аман Уалихоновлардир. Герб айлана (ғилдирак) шаклига эга. Ундаги марказий гералдик элемент кўк фондаги шанирак (ўтовнинг устки гумбазли қисми) тасвири бўлиб, ундан уйклар (таянчлар) қуёш нурлари кўринишида ҳар томонга таралиб туради.

Шаниракнинг ўнг ва чап томонида афсонавий қанотли отларнинг тасвирлари жойлашган. Юқори қисмида катта ҳажмли беш қиррали юлдуз, пастки қисмида эса «Qazaqstan» ёзуви жойлашган. Оқўрда сайтида таъкидланишича, гербдаги юлдуз тасвири «одамларнинг ҳақиқат нурига, барча юксак ва боқий нарсаларга бўлган доимий интилишини ифодалайди», шунингдек, «қозоғистонликларнинг дунёнинг барча халқлари билан ҳамкорлик ва шериклик учун очиқ мамлакат яратиш истагини акс эттиради».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ