Германия «Дружба» магистрал нефть қувури орқали Қозоғистондан нефть сотиб олиш ҳажмини ойига 200 минг тоннагача оширишдан манфаатдор. Бу ҳақда республика Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев Руминиянинг Adevural газетасига берган интервьюсида маълум қилди (унинг сўзларини Қозоғистоннинг Kursiv.kz нашри келтирган).
Майдан октябргача Қозоғистон нефтининг Германияга экспорти ойлик ҳажми 100 минг тоннани ташкил этган. Ушбу мамлакатга ўтган йили республикадан жами 993 минг тонна нефть ташилган. «Германия томони Қозоғистондан нефть етказиб берилиши ҳажмини ойига 200 минг тоннага (йилига 2,4 миллион тонна) оширишдан манфаатдор эканини билдирди», — деди расмий.
Унинг таъкидлашича, Қозоғистон Европа Иттифоқи мамлакатларига нефть экспорти бўйича етакчи давлатлар қаторида қолмоқда. 2023 йили республика Европа Иттифоқига 46,6 миллион тонна хомашё етказиб берган (бу Қозоғистоннинг барча нефть экспортининг деярли 66 фоизини ташкил этади). Унинг асосий истеъмолчилари: Италия, Нидерландия, Греция, Франция, Туркия ва Испания бўлган.
Саткалиев унинг мамлакати Европага ишончли нефть етказиб берувчи экани, унинг энергетик хавфсизлигини таъминлаётганини таъкидлайди. «Биз бундай ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз», — дея қўшимча қилган у.
«Дружба» нефть қувурининг йўналиши Россия ҳудудидан ўтади — Алметьевскдан Брянскка, кейин Белоруссия Мозирига, шундан сўнг у икки қисмга бўлинади: шимолий (Беларусь, Польша, Германия, Латвия ва Литва ҳудуди орқали) ва жанубий (Украина, Чехия, Словакия, Венгрия ва Хорватия ҳудуди орқали).
Германия ҳукумати Россиянинг энергия манбаларидан воз кечиши муносабати билан янги хом ашё етказиб берувчиларни фаол равишда излай бошлади. 2022 йил декабрь ойида Россиянинг «Транснефть» компанияси «Казтрансойл»дан («КазМунайГаз» гуруҳига кирувчи) 2023 йил учун Германияга транзит учун 1,2 миллион тонна қўшимча «Дружба» қувватини захиралаш бўйича ариза олганини эълон қилганди. Етказиб бериш ўтган йилнинг февраль ойидан бошланган.