Қирғизистон президенти 20 миллион доллар қийматидаги мулкини легаллаштирди

Садир Жапаровга тегишли бинолардан бири. Унинг Facebookдаги саҳифасидан олинган фотосурат

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўзига тегишли 20 миллион долларлик мулкини легаллаштирди. Бу ҳақда давлат раҳбари Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) саҳифасида маълум қилди.

«Мулкимнинг қиймати тахминан 20 миллион долларни ташкил қилади. Қонунийлаштириш учун мен давлатга бир миллион сўм (11,2 минг доллар – «Фарғона» изоҳи) тўладим. Бу қонун томонидан талаб қилинади. Чет элда омонатим йўқ. Агар бўлса, мен уларни банкларимизга қўйган бўлардим», — деб ёзади Жапаров.

Унинг эслатишича, даромадларни легаллаштириш тўғрисидаги қонун 2023 йили қабул қилинган — шунинг учун бой қирғизистонликлар ўз капиталларини хорижда сақламай, ватанига олиб келишган.

«Ҳеч кимга сир эмаски, барчамиз (оддий фуқаролар эмас, ўрта бизнесдан юқори бўлган тадбиркорлар) ўз мулкимизни бировнинг номига расмийлаштирганмиз. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг энг бадавлат фуқаролари ҳамон миллиардларини хорижий банкларда сақлашмоқда. Бизда шундай бойлар кўп. Нега улар ўз бойликларини хорижда яширмоқдалар, деган саволга жавоб оддий. Шу пайтгача катта маблағнинг манбаси ва бу маблағлардан тўланган солиқ миқдори кўплаб саволларни туғдирган. Энди мазкур қонун ёрдамида биз бундай муаммолар юзага келмаслиги учун легаллаштириш имкониятини яратмоқдамиз», — деб тушунтиради Жапаров.

Унинг қўшимча қилишича, бу имкониятдан фақат 1 июлгача фойдаланиш мумкин, давлат қонунийлаштирилган капиталнинг 100 фоиз хавфсизлигини кафолатлайди.

«Менинг биноларим аввалари бошқа одамлар номига расмийлаштирилган эди. Ҳозир қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун асосида уларни рўйхатдан ўтказдим. Мен ўрнак бўлмоқчи бўлдим ва биринчи бўлиб мулкимни легаллаштирдим», — деб ёзади президент.

ℹ️ «Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ихтиёрий равишда легаллаштириш ва амнистия қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Президент маъмурияти томонидан 2022 йил март ойида ишлаб чиқилган. «Адилет» юридик клиникаси ҳуқуқшунослари лойиҳани таҳлил қилиб, «аслида киритилаётган таклифлар шахсга қарши содир этилган барча жиноятлардан, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик, бандитизм, одам савдоси ва ноқонуний меҳнатдан фойда олишни рағбатлантиради», дея хулоса килишган.

Ҳуқуқшунослар мазкур қонун лойиҳаси Қирғизистон Конституцияси, республика имзолаган халқаро шартномалар ва ҳужжатлар, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ва унга барҳам бериш бўйича давлат стратегиясига зид эканлигини таъкидлаганлар.

Жапаров бунга жавобан қонуннинг мақсади бой одамларга хориждаги мол-мулк, пулларини қонунийлаштириш ва Қирғизистон банкларида сақлаш имконини бериш эканини айтган. «Банклар фойда кўради. Ҳудудимизда завод ва фабрикалар қурсак, иш ўринлари пайдо бўлади. Солиқлар бизга тўланади. Мана — қонуннинг бутун мақсади. Менинг қўллаб-қувватлашим учун бу бойлар орасида дўстларим ҳам, қариндошларим ҳам йўқ», — деб ишонтирган Қирғизистон президенти.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ