Тўқаев янги ҳукуматга бюрократиядан воз кечиб, инвесторлар излашни топширди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати янги инвестицион циклни бошлаши керак. Бу ҳақда 7 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишида Президент Қосим-Жомарт Тўқаев сўз юритди, деб хабар беради Оқўрда сайти.

Давлат раҳбари мамлакат ялпи ички маҳсулотида инвестициялар улуши камайиб бораётганига ишора қилди. Яъни, ҳеч бўлмаганда кейинги йилларда ҳозирги ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун иқтисодиётга маблағлар киритилмаяпди.

«Хорижий ва ички инвестициялар оқимини сезиларли даражада оширишимиз керак. Бу ташкил этилган Инвестиция штабининг асосий вазифасидир, – деди Тўқаев. — Штаб сармояларни жалб этишнинг яхлит экотизимини яратиши, ривожланиш институтлари фаолиятини фаоллаштириши, хорижий институтлар, марказ ва ҳудудлар ўртасида аниқ ҳамкорликни йўлга қўйиши, ишбилармон доиралар билан самарали мулоқотни йўлга қўйиши лозим. Ва энг муҳими, керакли қарорларни ўз вақтида қабул қилиши керак».

Президент инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ муаммолар айниқса жойларда яққол намоён бўлаётганини таъкидлади, чунки вилоят ҳокимлари «эски услубда хусусий сармояларни жалб этиш ўрнига, бюджет маблағларини ишлатишга эътибор қаратмоқда». «Хусусий инвестицияларни жалб этиш ҳокимлар учун энг муҳим вазифалардан бири бўлиши керак», – деди давлат раҳбари.

У биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ҳар бир вазир ва ҳоким фаолиятига жиддий баҳо берилишини ва улардан талаб «қаттиқ» бўлишини қўшимча қилди.

Тўқаевнинг фикрича, инвестицияларнинг яна бир манбаи ноқонуний олиб кетилган активларни мамлакатга қайтариш бўлиши керак.

«Ваколатли тузилмалар ўз фаолиятини кучайтириши керак. Келаётган маблағлар мамлакат учун муҳим бўлган лойиҳаларни амалга оширишга сарфланиши лозим. Шу билан бирга, яна бир бор огоҳлантираман — бу ишда узоққа бориб бўлмайди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ўзбошимчаликларига йўл қўйиб бўлмайди. Ҳар бир бундай сигналга мен томонидан қаттиқ муносабат бўлади. Бу иш ижтимоий адолатни таъминлаш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга ва муҳим иқтисодий муаммони ҳал қилишга қаратилган, шунинг учун уни ҳеч кимга обрўсизлантиришга йўл қўйилмайди», — деди Қосим-Жомарт Тўқаев.

У ўз нутқида иқтисодиётни ҳар томонлама эркинлаштириш чораларини кўришни ҳам талаб қилди.

«Назоратсиз монополиялар, ресурслардан тенгсиз фойдаланиш ва рақобатнинг ноҳақ усулларига барҳам бериш керак. Иқтисодиётни либераллаштириш доирасидаги асосий йўналиш самарали хусусийлаштириш бўлади», — деди президент бу борада ҳукуматга давлат мулки реестрини қайта кўриб чиқиш, хусусийлаштириш жараёнининг услубий жиҳатларини аниқлаштириш, шунингдек, бир ой ичида тегишли қарорни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Ҳукумат шунингдек, мамлакатнинг коммунал ва энергетика инфратузилмасини тиклаш ва ривожлантириш, транспорт-логистика салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиши керак. Иқтисодиётни рақамлаштиришни давом эттириш ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланишни таъминлаш лозим.

«Ҳукумат ва ҳокимлар ишга муносабатини тубдан қайта кўриб чиқиши лозим, зеро бизга бюрократия эмас, самарадорлик керак. Муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш ва иқтисодий ривожланишнинг узоқ муддатли истиқболини кўришни ўзида мужассам этган тизимли ёндашув талаб этилади», — деди президент.

Бир кун аввал Қозоғистон Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби тақдим этилди, унда фақат Молия, Миллий иқтисодиёт, Соғлиқни сақлаш ва Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг раҳбарлари янгиланди. Ҳукумат Коррупцияга қарши кураш хизмати ва Президент администрациясининг собиқ раҳбари 43 ёшли Олжас Бектенов раҳбарлигида ишлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ