Янги-Ангрен ва Тошкент иссиқлик электр станциялари (ИЭС) ҳавони ифлослантиргани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қибрай тумани Салар қишлоғида жойлашган Тошкент ИЭСда ўтказилган текшириш чоғида корхонада асосий ёқилғи сифатида газ, захира сифатида эса мазутдан фойдаланаётгани сабаб «пойтахтни тутун қоплаган».
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун ИЭС раҳбариятига 16 банддан иборат рўйхат берилган, тўпланган материаллар адлия органларига юбориш учун тайёрланмоқда. Компанияга атроф-муҳит ва тупроқни нефть маҳсулотлари билан ифлослантиргани учун 1,023 миллиард сўм (82 минг доллардан ортиқ) жарима тўлаш мажбурияти юкланган.
Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясида атмосферага чиқараётган зарарли моддалар белгиланган меъёрдан ошиб кетгани аниқланган. Электр станциясида ишлаётган чанг ва газ тозалаш ускуналари талабларга жавоб бермайди, самарадорлиги 80 фоизга пасайган.
Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ва ишлаб чиқариш чиқиндиларининг белгиланмаган жойга ташлаб юборилишидан кўрилган зарар 1,003 миллиард сўм (81 минг долларга яқин) миқдорида баҳоланмоқда. ИЭСнинг 11 нафар мансабдор шахсларига нисбатан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
ℹ️ Сўнгги пайтларда Тошкент ҳавосининг хавфли даражада ифлосланиши ўзбек ижтимоий тармоқларида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди. Ўзгидромет маълумотларига кўра, атмосферадаги зарарли зарралар миқдори кўп ҳолларда меъёрдан ўн мартадан ошиб кетади.
Экология вазирлиги ҳавони тозалаш режалари ҳақида сўз юритди. Жумладан, атроф-муҳитга таъсири 1 ва 2-тоифали саноат корхоналарида чанг ва газ тозалаш ускуналари ўрнатилади, мавжудлари реконструкция қилинади ва модернизация қилинади. Бу ерда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбалар мониторинги постлари ва атроф-муҳит мониторинги учун автоматик станциялар ўрнатилади.
Вазирлик томонидан Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини пасайтириш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирлар қаторида АИ-80 русумли бензинни тақиқлаш, иссиқлик марказларида мазутдан захира ёқилғи сифатида фойдаланишни тақиқлаш, саноат корхоналарида кўмирдан фойдаланишни тақиқлаш, жамоат транспортини электр, газ ва бошқа турдаги ёқилғига ўтказиш, шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишининг олдини олиш мақсадида пойтахт атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этиш ва бошқалар ўрин олган.