Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 феврал куни «Ўқитувчи мақоми тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат расмий эълон қилинганидан сўнг дарҳол кучга кирди.
Қонунда педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгилаб берилган.
Ҳужжатга кўра, қуйидаги шахсларга педагогик фаолият билан шуғулланиш тақиқланади:
▶️ суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига асосан ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар;
▶️ суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки чекланган лаёқатсиз деб топилган;
▶️ педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи касалликларга эга бўлган;
▶️ психиатрия ёки наркология муассасалари рўйхатида бўлган.
▶️ муқаддам қасддан жиноят содир этгани учун судланган шахслар.
Педагогик ходимлар ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилганда, шунингдек, давлат органларининг ўз ҳуқуқларини бузаётган қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Қонун қуйидагиларни тақиқлайди:
👉 ўқитувчини касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, жумладан, ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги ишларига, ишсиз ва ўқимаган вояга етмаганларни ҳисобга олишга жалб этиш;
👉 ўқитувчининг ўқувчилар билимини баҳолашига таъсир кўрсатиш;
👉 ўқитувчидан солиқлар, коммунал тўловлар, кредитлар ва аҳолининг бошқа қарзлари тўғрисидаги ҳисобот ва маълумотларни, битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича ҳисоботларни талаб қилиш;
👉 унинг ёзма розилигисиз товарлар ва хизматлар сотиб олишга мажбурлаш, товар ва хизматлар учун маошидан маблағ ушлаб қолиш.
Ўқитувчини сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларга жалб қилиш (сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида иштирок этиш, тест синовларида аудитория кузатувчиси функциясини бажариш, аҳолини рўйхатга олишда ёрдам бериш, таълим ташкилотларини текшириш ва аттестациядан ўтказишда иштирок этиш ва бошқалар)
«унинг розилиги ва у билан тузилган шартнома асосида, қўшимча ҳақ эвазига, ишдан бўш вақтида ёки иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда» рухсат этилади.
Қонунда ўқитувчиларнинг иш вақтини қисқартириш, 56 кунгача узайтирилган таътил, Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида ижара учун ҳар ой товон пули тўлаш, бепул тиббий кўрикдан ўтиш кўзда тутилган. Педагогларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим муассасаларига имтиёзли шартларда ўқишга қабул қилинади.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йили халқ таълими ходимларини хизмат вазифаларига боғлиқ бўлмаган ишларга, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда ишларига жалб этиш, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, босма нашрларга обуна бўлиш ва ҳоказоларни тақиқлашни талаб қилганди. Бироқ, шунга ўхшаш ҳолатлар кичикроқ миқёсда бўлса ҳам, давом этмоқда. Улардан баъзилари оммага ошкор бўлади, шундан сўнг, қоида тариқасида, расмийлар чора кўрадилар.