Қозоғистонда ноқонуний қўлга киритилган активларни қайтариш бўйича реестрга «янги шахслар» киритилди

Ноқонуний қўлга киритилган активларни қайтариш комиссияси мажлиси. primeminister.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда четга ноқонуний олиб чиқилган активларни қайтариш бўйича қонун субъектлари реестри тўлдирилди. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг активларни қайтариш қўмитаси раҳбари Нурдаулет Суиндиқов ҳукуматдаги йиғилишда маълум қилди. Вазирлар Маҳкамаси Telegram-канали унинг сўзларини келтиради.

«Қонун субъектлари реестри тўлдирилди. Реестрда янги шахслар пайдо бўлди ва уларга билдиришномалар юборилади. Активларни қайтариш бўйича қўмита ушбу субъектлар активларининг келиб чиқиши қонунийлигини таҳлил қилиш ва текшириш бўйича тадбирларни амалга оширади», — деди у айнан ким ҳақида гапираётганига аниқлик киритмасдан.

Илгари реестрда рўйхатга олинган шахсга нисбатан айбига иқрор бўлиш ва ноқонуний йўл билан қўлга киритилган мол-мулкни ихтиёрий равишда қайтариш тўғрисида процессуал битим тузиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, алоҳида субъектлар ва улар билан боғлиқ шахсларнинг келиб чиқиши номаълум бўлган мол-мулкни давлат даромадига ўтказишга мажбурлаш тўғрисида судга бир нечта даъволар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ўтган йил 12 июль куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев «Ноқонуний йўл билан қўлга киритилган активларни давлатга қайтариш тўғрисида»ги қонунни имзолаганди.

Ноқонуний капитални қидириш Бош прокуратура ҳузуридаги махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Фуқаронинг эътиборга тушиб қолиши учун умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлиши керак. Кимнинг активлари шубҳали экани ҳақидаги маълумот махсус комиссияга ўтади. У шахсни реестрга киритади ва уни маблағларнинг келиб чиқиши тўғрисида ҳисобот беришга мажбур қилади. Агар бу бажарилмаса, активлар асоссиз равишда сотиб олинган деб тан олинади ва давлат даромадига ўтказилади. Улар ғазнага ихтиёрий равишда ёки суд қарори билан мажбуран қайтарилиши мумкин.

Ҳукумат сайтида таъкидланганидек, бугунги кунда 344 та кўчар ва кўчмас мулк объекти, шу жумладан, 131 таси хориждаги объектлар аниқланган. 448 миллиард тенге (1 миллиард доллар) қийматидаги қимматли қоғозлар бўйича маълумотлар олинган. 220 триллион тенге (493 миллиард доллар) лик банк операциялари, шу жумладан, 1,4 триллион тенге (3 миллиард доллар) қийматидаги шубҳали операциялар ўрганилмоқда.

Қонун субъектларининг реестри омма учун ошкора эмас. У ерда 162 норасмий номзод бор. Айнан мана шу рақам Тўқаев Қантардан кейин (2022 йил январь воқеаларини ёдга солувчи январь ойининг қозоқча номи) ўтказилган маҳаллий ишбилармонлар билан учрашувда айтиб ўтганди. Президент Қозоғистон бойлигининг ярмига атиги 162 киши эгалик қилаётган бир пайтда аҳолининг тенг ярми даромади йилига 50 минг тенгедан (1300 доллардан сал кўпроқ) ошмаслигини айтиб ўтганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ