Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров мамлакатда рус тилидан фойдаланишни қисқартиришни таклиф қилди.
Бундай баёнотга яқинда рус тарихчиси Михаил Смолиннинг «инқилобгача ўзбеклар бўлмаган, бундай этник ном ҳам бўлмаган», деган сўзлари сабаб бўлган. Аввалроқ, 2023 йил декабрида ёзувчи, «Справедливая Россия — За правду» партияси етакчиларидан бири Захар Прилепин Ўзбекистонни Россияга қўшиб олишни таклиф қилган эди.
«Расмий рус томони шовинистларни «ғалати» чиқишларини таъкидлашдан нарига ўтмаяпти. Бу уларни бундай риторикадан манфаатдор деган таассурот уйғотади.
Сўнгги вақтларда рус тилида шовинистик баёнотлардан бошқа нарса эшитмаяпмиз… Бу ҳолатда муносабатлар ўз йўлига, амалий чоралар ҳақида ўйлашимиз керак», — деб ёзади Қолиров ўзининг Telegram-каналида.
Сиёсатчига кўра, 3 фоизга ҳам бормайдиган рус ватандошлар учун таълим ва телевиденияда рус тили номутаносиб даражада кўп. «Бу номутаносиблик тузатилиши керак», — деб ҳисоблайди Қодиров.
У даставвал:
👉 Ўзбекистонда бошланғич таълимни она тилида ўқитилиши бўйича норма қонунга киритишни;
👉 «қозоқ, озар, қирғиз, туркман, турк ва тожик қардошлар билан» телекўрсатувлар алмашишни йўлга қўйишни таклиф қилди.
Қодиров «Миллий тикланиш» фракциясининг навбатдаги йиғилишларида ушбу масалаларни кўтариш ниятида.
ℹ️ Аввалроқ Смолиннинг баёнотига жавобан Ўзбекистондаги машҳур блогер, жамоат арбоби, собиқ парламент депутати Расул Кушербоев «Россиянинг барча тарғибот каналлари»ни мамлакатда кўрсатишни тўхтатишга чақириб, «бу суверенитет масаласидир» дея қўшимча қилганди.