Бокуда Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари доирасида Алишер Навоий дастхати битилган қўлёзма тақдимоти бўлиб ўтди

Озарбайжонда Ўзбекистон фан ва маданият кунлари. Ташкилотчилар матбуот хизмати фотосурати

Бокуда Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир М.Фузулий номидаги Озарбайжон қўлёзмалар институтида Ўзбекистонга оид қўлёзмаларга бағишланган ноёб кўргазма билан очилди. Жумладан, кўргазмада Ибн Синонинг 1258 йили қайта ёзилган ва ЮНEСКО қўлёзма мероси рўйхатига киритилган «Тиб қонунлари», Алишер Навоий дастхати битилган «Ғароиб ус-сигар» девони, XVII асрга хос «Бобурнома» нусхаси ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалар, шу жумладан институт томонидан илк бор тақдим этилган қўлёзмалар жой олган.

«Институтимизда буюк олим Абу Али ибн Синонинг ноёб қўлёзмалари сақланади. Бу қўлёзмаларнинг 200 га яқини Жаҳон жамиятига юборилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги Озарбайжон фондларида ўзбек меросига оид янги жилдга киритилган. Бундай яқин илмий, маданий ва дўстона алоқалар Ўзбекистоннинг бой маданий меросини бутун дунёга танитиш каби буюк миссияни амалга оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса жуда муҳим ва қадрлидир», — деди институт бош директори, академик Теймур Каримли.

Биринчи куни «Ўзбекистон ва Озарбайжон: маданиятлар мулоқоти» мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди, унинг доирасида Озарбайжон Миллий тарих музейи директори, академик Наиля Велинханли, Озарбайжон Миллий санъат музейи ва Миллий гилам музейи раҳбари, доктор Ширин Меликова ва бошқалар сўзга чиқдилар. Жами 20 дан ортиқ маърузалар тингланди.

Озарбайжон қўлёзмалар институти Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, аслаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятига атоқли форс астрономи Ал-Сўфий қўлёзмасини таржима қилишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди, унинг факсимили Жаҳон жамияти томонидан 2023 йили нашр этилган.

Тадбирда Озарбайжон ва Ўзбекистондан жами тўрт нафар фан академиги, 20 дан ортиқ фан докторлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бахром Ашрафхонов иштирок этди.

Фирдавс Абдуҳолиқов китоб-альбомни тақдим этмоқда. Ташкилотчилар матбуот хизмати фотосурати

«Ўзбекистон ва Озарбайжон тили, анъана ва урф-одатлари жиҳатидан бир-бирига жуда яқин давлатлардир. Бугунги кунда икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг таълим соҳасидаги ташаббуслари туфайли илмий ҳамкорлик имкониятлари чуқурлашиб, икки давлат ўртасида янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бугун биз озарбайжонлик ҳамкасбларимиз ва Жаҳон жамияти аъзолари билан биргаликда тақдим этаётган расмли китоб-албомда нодир нумизматик коллекциялар, Бухоро амирининг совғалари – зарҳал кумушдан ясалган Қуръон қутиси, шунингдек, олтин суви юритилган, Бухоро амири Саид Мир Абдулаҳадхоннинг ноёб фотосурати туширилган идиш, XIX асрнинг ажойиб сўзаналари ва бошқа осори-атиқалар – ўзбек маданияти ва санъати хазиналари, жумладан араб, форс ва ўзбек тилларида олимлар, шоирлар, маданият арбоблари қўлёзмалари жой олган», — деди Жаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдуҳолиқов.

Тадбир давомида «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» номли 50 жилдли иллюстратация китоб-альбомларни Озарбайжон тарих, санъат ва гилам музейлари ҳамда Қўлёзмалар институтига топшириш маросими бўлиб ўтди. Китоб-альбомларни олиш учун сертификатларни академик, лойиҳа таҳририяти раиси Акмал Саидов топширди.

Ўз навбатида академик Наиля Велинханли ҳам шундай кенг кўламли лойиҳа амалга оширилаётгани учун Жаҳон жамиятига ўз миннатдорчилигини билдирди.

«Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятига ўзбек маданий меросига оид илгари чуқур ўрганилмаган материалларнинг улкан қатламини тўплагани учун миннатдорчилик билдираман. Музейимиз ходимлари китоб-альбом яратиш лойиҳасида катта мамнуният билан иштирок этдилар ва бу изланишларимиз ва илмий алоқаларимиз бошланиши, деб умид билдираман», — деди Велинханли.

ℹ️ Бутунжаҳон жамияти 2016 йили Ўзбекистон ҳукумати кўмаги ва Бахтиёр Фозилов раҳбарлигидаги Eriell Group нефть конлари сервис компанияси ҳомийлигида ташкил этилган. Жамият томонидан бугунга қадар «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» эксклюзив халқаро туркумининг 50 жилди, «Ўзбекистон меъморий эпиграфияси», «Ўзбекистон маданияти ва фани олимлар асарларида» туркумларининг бир қатор жилдлари нашр этилди, 60 дан ортиқ фильмлар суратга олинди, мамлакат ичида ва хорижда кўплаб медиа-форумлар ўтказилди. Ҳозиргача лойиҳа 40 мамлакатдан 400 нафар олимни бирлаштирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ