Ўзбекистонда 2023 йилнинг учинчи чорагида ўртача номинал иш ҳақи 4,4 млн сўмни (357 доллар) ташкил қилган. Бу ҳақда мамлакат Марказий банки томонидан тайёрланган «Меҳнат бозори шарҳи»да сщз юритилади.
2022 йилга нисбатан ўсиш 18 фоизни ташкил этган. Ушбу маълумотлар қишлоқ хўжалигини ўз ичига олмайган.
Иш ҳақининг энг сезиларли ўсиши ахборот технологиялари (+44%), турар жой ва озиқ-овқат хизматлари (+38%), транспорт (+37%), савдо (32%) ва молия (+30%) соҳаларида қайд этилган.
2023 йил бошига келиб Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги қарийб 15 миллион кишидан 13,7 миллион нафари иш билан таъминланган. 2023 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, ишсизлик даражаси 8,1 га камайган. 2024 йилда янги иш ўринлари яратилиши, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятининг кенгайиши, янги молиявий воситаларнинг жорий этилиши фонида бу кўрсаткич 7,5-8 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.
ℹ️ Ўртача ойлик ҳисобидаги номинал иш ҳақига нафақалар, иш ҳақи тўловлари, рағбатлантириш тўловлари, компенсация тўловлари ва ишламаган вақт учун тўловлар, шунингдек жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва касаба уюшма жамғармасига бадаллар киради. Уни ҳисоблаш учун Давлат статистика қўмитаси қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнесдан ташқари турли соҳалардаги ишчиларнинг маълумотларидан фойдаланади – улар йилига бир марта ҳисобот берадилар.
Шарҳнинг алоҳида боби ташқи меҳнат миграциясига бағишланган. Қайд этилишича, 2018-2023 йиллари меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари аҳоли жами даромадларининг қарийб 16 фоизини ташкил қилган.
Меҳнат миграцияси оқими асосан бир қанча яқин давлатларга, хусусан, Россия ва Қозоғистонда тўғри келади. 2023 йили Россиядан пул ўтказмалари улуши бир йил аввалги 87 фоиздан 78 фоизгача камайган. Бунга рубль/АҚШ доллари курси, инфляциянинг ошиши ва Россия Федерациясида меҳнат муҳожирлари сонининг қисқариши таъсир қилган.
«Росстатнинг сўнгги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистон фуқароларига Россияда ишлаш учун бериладиган патентлар ва рухсатномалар сони 12 фоизга камайган ва 1,2 миллион донани ташкил қилган. РФ Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фуқароларининг миграция рўйхатидан ўтганлар сони ҳам 2,9 миллиондан 1,7 миллионга ёки 43 фоизга камайган», — дейилади Марказий банк хабарида.
2023 йили бошқа давлатлардан пул ўтказмалари ҳажми 14 фоизга ошган.
Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратилиши, турли давлатлар билан тегишли икки томонлама келишувларнинг кўпайиши, шунингдек, хорижда ишчи кучига барқарор талаб туфайли миграция оқимлари динамикаси давом этиши кутилмоқда. Дастлабки прогнозларга кўра, 2024 йили хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми тахминан 12-12,5 миллиард долларни ташкил қилади.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, 2022 йил якунига кўра Ўзбекистонга деярли 17 миллиард доллар пул ўтказмалари келиб тушган бўлса, унинг 14,5 миллиард доллари ёки 85 фоизи Россияга тўғри келган. Ўтган 2021 йилга нисбатан ўсиш 2,1 баробарни ташкил этган. Ўзбекистон Марказий банки бу оқимни ноодатий деб атади.