Қозоғистон россиялик телебошловчи ва продюсер Тина Канделакининг мамлакатга доир баёнотларига жавобан уни киритмасликка қарор қилди. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.
«Агар сиз кимнидир ёқтирмасангиз, уни уйингизга киритмайсиз. Биз ҳам худди шундай қиламиз. Агар керак бўлса, чоралар кўрилади. Биз буни бугун ёки эртага қилишимизни кутманг. Давлат буни ҳеч қачон кечирмайди. У (Тина Канделаки – таҳр. изоҳи) Қозоғистонга келмайди, келса ҳам киролмайди», — дея таъкидлади мулозим.
У, шунингдек, Канделаки баёнотлари мамлакатда кенг муҳокама қилиниб, долзарб муаммоларни ҳал қилишдан чалғитганини таъкидлайди.
«Энг ачинарлиси шундаки, агар шундай баёнотлар берган ҳар бир кишига жавоб беришда давом этсак, ўзимизни унутамиз. Бизда жуда кўп ички муаммолар бор, келинг, шунга эътибор қаратайлик. Уларнинг ҳар бирига эътибор қаратаверсак, вақтимиз кам қолади. Энг ёмони, бу қўшни давлат, бизнинг дўстларимиз мамлакатимиз ҳақида билишмайди. Чунки уларнинг биз ҳақимиздаги маълумотлари нотўғри. Ижтимоий тармоқларда можарога киришгандан кўра, ўз ишимизни давом эттирайлик», — дея хулоса қилади Смадияров.
Можарога Канделакининг Қозоғистонда рус тили чекланаётганига доир баёноти сабаб бўлган. Телебошловчи республикадаги бир қанча темир йўл вокзалларининг номи ўзгартирилаётгани ҳақида гапириб (у ерда русча транскрипция қозоқчага алмаштирилади), «тарихда ўз ўрнини қўллаб-қувватлаш баҳонасида жуда узоққа бориш мумкин, айниқса бундай шубҳали қарорларни илгари суриш ниятида тарих орқасида яшириниб олиш қулай»лигини таъкидлаган.
Канделакининг пости қозоғистонликларни ғазаблантирган, улар кўплаб ғазабли изоҳларни ёзишган, бунга жавобан телебошловчи яна бир баёнот берган.
«Қичқириш, шовқин солиш, туёғингни шиқиллат дея маслаҳат бериш — бу янгилик эмас. Ҳурматли қозоқлар, сизда оддий, аммо кенг қамровли тушунча бор — «мәңгу». Ундан хотирасини, ўзлигини, баъзида ақлини йўқотган машҳур манқурт образи яратилган. Ўзингизни ва содир бўлган ҳамма нарсани эсламаслик, тарихни барча кўринишларида улоқтириб ташлаш, жумладан, тарихий номлардан воз кечиш бу — нафақат саводсизлик, балки хавфли машғулотдир ҳам», — деб ёзган Канделаки
Унинг қўшимча қилишича, ўтмишни эсламаслик Қозоғистондан ташқари фақат Россия ва Форс кўрфази давлатлари томонидан бирдамлик белгиси сифатида тақиқланган «Борат» фильмини олқишлашдир. «Ғарбнинг маърифатли эльфлари ҳақида нима дейиш мумкин? Улар бунга тупуриб қўйишган. Улар учун қозоқлар ким бўп қолибди? Фильмдан жавоб кўриниб турибди. Ўтмишни эсламаслик, икки йил аввал Қозоғистон давлати деярли йўқ бўлиб кетай деганини эсламасликдир. Қайси бири яхшироқ — ёнаётган шаҳарларми ёки ёрдамга келган қўшниларми?», — қўшимча қилган у.
Канделаки Қозоғистонга кириши тақиқланган биринчи россиялик телебошловчи эмас. Аввалроқ худди шундай изоҳлардан сўнг республикага Тигран Кеосаяннинг киритилиши ман этилди.