Махсус саноат зоналарининг 240 гектар майдони тажриба тариқасида хорижий компаниялар бошқарувига берилади

Махсус саноат зонаси ҳудуди. dnews.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати тажриба тариқасида Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятидаги махсус саноат зоналарининг 240 гектар майдонини хорижий компанияларга аутсорсинг асосида бошқарувга бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда жорий йили инвестиция, экспорт ва саноат соҳасида мўлжалланган устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда сўз борди, деб хабар беради Президент Шавкат Мирзиёев матбуот хизмати.

Ҳукумат маҳаллий тадбиркорлар мамлакатда ташкил этилган 24 та махсус иқтисодий зона (МИЗ) имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаётганидан келиб чиқиб, шундай чоралар кўрди. МИЗ ҳудудларида соддалаштирилган тартибда ер ажратилиши ва солиқ имтиёзлари берилганига қарамай, инфратузилмалари тайёр бўлган 800 гектар ер майдони бўш турибди. Мажлисда инновация туфайли жорий йилнинг ўзидаёқ 309 та йирик лойиҳани амалга ошириш, 40 минг иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари маҳаллийлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Вазирлар Маҳкамасига ҳудудларда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш дастурини қабул қилиш вазифаси қўйилди. Жумладан, талаб юқори бўлган 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотини республикада ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, озиқ-овқат корхоналарида халқаро стандартларни жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Бундай имкониятлар чарм саноатида ҳам бор. Масалан, аҳолимизда автомобил ўриндиғи жилдлари, спорт буюмлари, пойабзал ва аёллар сумкасига талаб кўп.

Маҳаллийлаштириш фақат товарлар эмас, хизматларда ҳам бўлиши керак. Хусусан, охирги беш йилда энергетика, нефт-газ ва металлургия соҳаларида катта заводлар ишга тушди. Бундай мажмуалардаги юқори технологик ускуналарни эксплуатация қилиш ва таъмирлаш бўйича малакали хизматларга талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Президент сўнгги олти йилда саноатга жалб қилинган инвестициялар ҳажми етти баробар ошганини таъкидлади. Шу билан бирга, бир неча йил давомида республикага 14 миллиард долларлик асбоб-ускуналар импорт қилинган бўлса-да, ишлаб чиқариш унумдорлиги, янги иш ўринлари ташкил этиш ва қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида сезиларли силжишлар, шунингдек, экспортнинг сезиларли ўсиши кузатилмаган. Шуни инобатга олган Мирзиёев мутасаддиларнинг ишини танқид остига олди ва вазият тезроқ ўзгариши учун тегишли кўрсатмаларни берди.

Республика раҳбари «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни эса 4 минг долларга етказиш вазифаси белгиланганини эслатди. Лекин, президент таъкидлаганидек, ички бозор ҳисобига бундай натижаларга эришиб бўлмайди, шунинг учун хорижий сармояни фаол жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш зарур.

«Ҳар бир раҳбар фидойи бўлиб, ватани ва халқини севиб, тизими билан бирга ўз вазифаларини виждонан бажарса, биз қўяётган марраларга албатта эришса бўлади», — деди Мирзиёев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ