Қозоғистон Сенати депутати, собиқ Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири Дархон Қидирали 11 январь куни бўлиб ўтган палата ялпи мажлисида Қозоғистон тарихи бўйича дарсликларга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди, деб ёзади NUR.KZ. У Бош вазир Алихон Смоиловга тегишли сўров юборган.
Сенаторнинг сўзларига кўра, дарсликларга ҳали тугалланмаган етти жилдлик «Қадимги даврлардан то ҳозирги кунгача бўлган Қозоғистон тарихи» янги нашридан маълумотлар киритилиши керак.
«Умид қиламизки, Қозоғистоннинг кўп жилдлик тарихи шу йил якунланади. Жўчи улусига оид янги маълумотлар ҳам тақдим этилади. Бу кўп жилдли китоб асосида мактаб дарсликларини қайта ёзиш, Жўчи қозоқ хонларининг аждоди эканлигини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир», — дейди Қидирали.
Шунингдек, у ҳозирги мактаб тарих дарсликларининг мазмунидан норозилигини билдирди.
«Масалан, 6-7 синф дарслигида бир параграф Мўғулистон давлатига бағишланган. 10-синф дарслиги маълумот атиги 4-5 қатордан иборат. Маълумки, Қозоқ хонлиги машҳур «Талас Қурултойи» бўлиб ўтган буюк мўғуллар заминида ташкил топган. Шундай қилиб, бу фанни услубий изчилликка келтириш ва давлатчилигимиз шаклланишини ўрганишга устувор аҳамият бериш керак», — дейди сенатор Жўчи улуси бўйича фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, у шарафига музей ташкил этиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва «Едиге» танловини ўтказишни таклиф қилди.
Жўчи улуси(кейинчалик «Олтин Ўрда» номи билан аталган) — 1224 йили Мўғуллар империяси таркибида ташкил топган ўрта асрлардаги кўп миллатли давлат. 1269 йили «Талас қурултойи»да Чингизхон авлодлари, учта улус ҳукмдорлари ўзларининг таъсир доираларини бўлишган, шунингдек, уларнинг кўчманчи халқлари илгари бўлгани каби шаҳарларни ва ўтроқ аҳоли пунктларини вайрон қилмасликка қасамёд қилишган. Шу кундан бошлаб Мўғуллар империясининг асосчиси Чингизхоннинг тўнғич ўғли номи билан аталган Жўчи улуси мустақил давлат мақомига эга бўлган.
Улус ҳудудининг катта қисмини ҳозирги Қозоғистон ерлари эгаллаган.
2021 йилдан бошлаб «Қадимги даврлардан то ҳозирги кунгача бўлган Қозоғистон тарихи» етти жилдлик китобини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Бу иш, Президент Қосим-Жомарт Тўқаев таъкидлаганидек, миллатнинг давлатчилиги ва тарихий ўзлигини англаб етишга улкан ҳисса қўшади. Нашр, жумладан, Қозоғистоннинг СССР таркибига қўшилиш даврини қайта кўриб чиқади.
Дархон Қидирали 2022 йил сентябридан 2023 йил сентябрига қадар Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири лавозимида ишлаб келган ва вазирлик қайта ташкил этилгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. У 2022 йил ноябригача Халқаро Турклар Академияси президенти лавозимида ҳам ишлаган.