2024 йил 1 июндан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва Ўзбекистон вилоятлари марказларида чиқинди йиғиш хизматларидан қарздорлиги бўлган аҳоли учун электр энергияси учун тўловларни қабул қилишда чекловлар жорий этилади. Шундай қилиб, бу одамлар автоматик равишда электр тармоғидан узилади. Тегишли меъёрлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Маиший чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилган, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
«Содда қилиб айтганда, чиқинди учун пул тўламаганлар қоронғуда ўтиради», — дея тушунтирди Энергетика вазирлиги матбуот котиби Хасан Тошхўжаев.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматларидан қарзи бўлган шахслардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни рад этиш амалиёти босқичма-босқич жорий этилади:
👉 2024 йил 1 июндан бошлаб бу янги қоида фақат республика пойтахти, Қорақалпоғистон ва вилоятлар марказларининг олти ойлик қарзи бўлган аҳолисига тааллуқли бўлади;
👉 1 ноябрдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб чекловлар жорий этилади. Уч ой давомида чиқинди йиғиш учун пул тўламаган фуқаролар электр энергиясисиз қолади;
👉 2025 йил 1 январдан бошлаб бир ойлик қарздорлик учун электр энергияси учун тўловлар қабул қилиниши тўхтатилади.
Президент қарорида
чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентлар SMS орқали хабардор қилиб борилиши айтилган.
Бундан ташқари, 1 апрелдан бошлаб:
✅ Чиқинди хизматлари учун тўловларни қабул қилиш ҳамда абонентлар ҳисобини юритиш фақатгина Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази биллинг тизими, электрон тўлов тизимлари ёки тижорат банкларининг тўлов қабул қилиш кассалари орқали амалга оширилади;
✅ кўчмас мулк ҳамда автотранспортлар билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлашда қарздорлик мавжудлиги Ягона электрон тизим орқали онлайн текширилиб, қарздорлик бартараф этилгач нотариал ҳаракат амалга оширилади;
✅ барча санитар тозалаш корхоналари Ягона электрон тизим орқали хизмат кўрсатади, тизимга уланмаган корхоналар билан шартнома бекор қилинади.
Шунингдек, 2024 йил 1 июндан маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хомашёни реализация қилиш фақат биржа орқали амалга оширилади (аҳоли мустақил саралаган чиқиндилар бундан мустасно).
Қарорда йўлларга йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишини қайд этиш учун камералар ўрнатган тадбиркорлар экологик қоидабузарликларни видеотасвирга олиб, Давлат инспекциясига маълум қилиши мумкин бўлган қоидани ўз ичига олади. Бунинг учун тадбиркор белгиланган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот олади.
Ҳар йили энг узоқ (камида 10 йил) ва садоқатли хизмат кўрсатган санитар тозалаш корхоналари ходимлари учун “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танлови ўтказилади. Мазкур ходимлардан 100 нафарининг давлат ОТМга тўлов-контракт асосида ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига контрактининг тўлиқ суммаси тўлаб берилади.
Ҳар йили «Энг тоза маҳалла» танлови ўтказилади. Танловда ғолиб бўлган 14 та маҳаллага чиқинди йиғиш майдончаси қуриш, чиқинди контейнерларини ўрнатиш ва дарахт экиш учун жами 500 миллион сўм пул ҳамда хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль берилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил декабрь ойида Тошкент ҳокимияти чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича тарифларни 1,5 баробардан ортиқ оширишга қарор қилганди. Энди ҳар бир аҳоли учун тўлов ойига 7500 сўм (0,61 АҚШ доллари) ни ташкил этади.