Бош прокуратура: Ўзбекистонда кўпрок боғча мудирлари ва тиббиёт ходимлари пора билан қўлга тушган

aif.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда 2021-2022 йиллари «порахўрлик» рейтингида мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари етакчи бўлган. Бу ҳақда Республика Бош прокуратураси Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Каримжон Мусашайховнинг ЎзA агентлигига берган интервьюсида сўз юритилади.

Мусашайховнинг сўзларига кўра, мактабгача таълим соҳасида 62, соғлиқни сақлашда 53, халқ таълимида 49, электр ва газ таъминоти корхоналарида 30, нодавлат тижорат ташкилотларида 25, қишлоқ ва сув хўжалигида 20, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида 15 нафар ходим пора олганликда айбланган.

Жами икки йил ичида пора олиш бўйича 486 нафар, пора бериш бўйича 352 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Улар орасида 53 нафар мактабгача таълим муассасаси раҳбари, 40 нафар мактаб директори, 26 нафар шифокор, бошқа соҳа вакиллари бор.

Мусашайхов пора беришнинг асосий сабабларини санаб ўтади:

👉 Мактабгача таълим тизимида пора олиш, асосан, ишга қабул қилиш, иш ставкасини кўпайтириб бериш, болани навбатсиз боғчага қабул қилиш, аутсорсинг хизмати кўрсатиш, ходимларга мукофот пули ажратиб бериш эвазига содир этилган.

👉 Соғлиқни сақлаш тизимида пора олиш эса асосан ногиронликни белгилаш, жарроҳлик амалиётини амалга ошириш, тиббий экспертиза хулосасини ижобий тарзда бериш, ишга қабул қилиш, аниқланган қонунбузилишига нисбатан чора кўрмаслик каби ҳолатларда;

👉 Электр ва газ таъминоти корхоналари тизимида пора олиш, асосан, газ ва электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланишга нисбатан қонуний чора кўрмаслик, қарздорликни камайтириш ёки йўқ қилиш, тармоққа уланиш ва техник шарт бериш, ишга қабул қилиш ёки ишданбўшатмаслик каби ҳолатларда.

«Ўрганишларда пора бериш хавфи, асосан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича тегишли чора кўрмаслик, давлат органларига ишга қабул қилиш ва бошқа ҳолатларда юзага келаётгани аниқланди», — дейди Бош прокуратура вакили.

Мусашайхов 2023 йил учун статистик маълумотларни келтирмаган.

ℹ️ 2022 йил ёзида Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати бир йил аввал республикада энг кам пора миқдори 50 долларни, энг кўпи 200 минг доллар эквивалентида бўлганини хабар қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ