Қозоғистон F.A.C.C.T. (собиқ Group-IB, кибержиноятчиликка қарши кураш технологияларини ишлаб чиқарувчи компания) собиқ ходими Никита Кислицинни жиноий жавобгарликка тортилиши учун Россияга экстрадиция қилади, деб хабар беради РФ Бош прокуратураси матбуот хизмати.
Россияда Кислицин Жиноят кодексининг 272-моддаси, 3 қисми (қонун билан ҳимояланган компьютер маълумотларига ноқонуний кириш) ва Жиноят кодексининг 163-моддаси, 2 қисми (товламачилик) бўйича айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, 2022 йил октабрь ойида у ва унинг шериклари тижорат ташкилотларидан бирининг сервер маълумотларига ноқонуний киришган. Маълумотни кўчириб олиб, хакерлар оммавий манбаларда тарқатмаслик учун криптовалютада 550 минг рубль тўлашни талаб қилишган.
Товламачилик моддасига кўра, Кислицин 7 йилгача, ахборотга ноқонуний эгалик қилиш моддаси бўйича эса 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Россиялик аввалига 22 июнь куни Қозоғистонда АҚШ илтимосига кўра қўлга олинган эди. Кейинчалик, 28 июнь куни IТ мутахассиси Россияда халқаро қидирувга берилган ва Москванинг Тверской суди уни сиртдан ҳибсга олган. «Ведомости» билан суҳбатда иш ҳолатларидан хабардор манбанинг қайд этишича, Россия томони Кислицинни АҚШга эмас, Россияга экстрадиция қилинишига эришиш учун ҳам жиноий иши қўзғатган бўлиши мумкин.
2020 йили АҚШ расмийлари ўша пайтда Group-IB компаниясининг топ-менежери бўлган Кислицинни 2012 йили унинг шериги Formspring ижтимоий тармоғидан ўғирлаган маълумотларни сотиш учун фитна уюштирганликда айблаган. Ўшанда компания айбловларни асоссиз деб атаган ва «компьютер жиноятларини таҳлил қилишга қаратилган тадқиқот жиноят эмаслигини» таъкидлаган.
Кислицин шу йили ёзда ҳибсга олинганидан сўнг Қозоғистон Бош прокурори ўринбосари Улан Байжанов унинг фуқаролиги боис Россиянинг экстрадиция сўрови Америка сўровидан устун бўлишини айтган. 1 август куни Россия Федерациясининг Олмаотадаги Бош консуллиги маслаҳатчиси Артем Оганов Қозоғистон россияликни АҚШга экстрадиция қилмаслигини ва «суд қарори билан Кислицин РФ сўровига биноан 12 ойга экстрадиция ҳибсига олинган» ини маълум қилган.
Таъкидлаш жоиз, Group-IB асосчиси Илья Сачков ҳозирда қамоқда. Июль ойи охирида Москва шаҳар суди уни давлатга хиёнат қилишда (РФ Жиноят кодексининг 275-моддаси) айбдор деб топган ва қаттиқ тартибли колонияда жазо ўташ шарти билан 14 йилга озодликдан маҳрум қилган. Суд ҳукми қонуний кучга кирган. Сачков айбини тан олмаган.