Ўзбекистон Марказий Осиёдаги сайёҳлар учун энг хавфсиз давлат мақомини сақлаб қолди. Саёҳатчиларга хавфсизлик ва тиббий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган дунёдаги энг йирик компания – International SOS экспертларининг тадқиқот маълумотлари мана шундан далолат беради.
Интерактив рисклар харитасига кўра, Ўзбекистон хавф даражаси паст бўлган давлатлар қаторига киритилган. Демак, мамлакатда зўравонлик даражаси паст, тартибсизликлар ва терактлар кам учрайди, хавфсизлик ва фавқулодда вазиятлар хизматлари самарали, инфратузилма яхши.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртача хавфли давлатлар гуруҳига киритилган.
Бундай мамлакатларда вақти-вақти билан сиёсий тартибсизликлар, оммавий норозилик намойишлари ёки террористик ҳужумлар содир бўлиб туради. Саёҳатчилар жамоат, диний ёки ирқий зўравонлик хавфига дуч келиши мумкин ва сайр қилиш иш ташлашлар туфайли тўхтатилиши мумкин.
Ҳаммаси бўлиб, харита бешта хавф даражасини кўрсатилган — кичикдан ўта юқори даражагача. Сайёҳлар учун дунёдаги энг хавфсиз давлатлар Швейцария, Словения, Дания, Норвегия, Финляндия, Исландия ва Гренландия ороли ҳисобланади. Афғонистон, Украина, Ироқ, Яман, Ливия, Сомали ва Жанубий Судан ўта хавфли деб таснифланган.
International SOS экспертлари дунё мамлакатларини тиббий ёрдамнинг ривожланиш даражаси ва ундан фойдаланиш имкониятлари бўйича таҳлил қилган. Ушбу кўрсаткичга кўра, минтақадаги вазият «ўзгариб турувчи риск»га эга мамлакат сифатида таснифланган Қозоғистонда энг яхши деб тан олинган. Бундай мамлакатлар сифатли тиббий, шошилинч тиббий ёрдам, стоматологик ёрдамга эга ва катта шаҳарларда рецепт бўйича бериладиган дори-дармонлар бўйича муаммо йўқ, бошқа жойларда бундай хизматларнинг мавжудлиги чекланган бўлиши мумкин. Юқумли касалликка чалиниш эҳтимоли ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон «юқори риск»га эга давлатлар саналади.
Бундай мамлакатларда базавий шошилинч, тиббий ва стоматологик ёрдам кўрсатилиши мумкин. Ҳаттоки катта шаҳарларда ихтисослаштирилган ёрдам чекланган. Рецепт бўйича сифатли дори-дармонлар мавжуд бўлмаслиги мумкин. Озиқ-овқат ёки сув орқали юқадиган инфекциялар тез-тез учрайди. Безгак, тиф иситмаси ва вабо каби ҳаёт учун хавфли юқумли касалликлар доимий таҳдид солиши мумкин.
ℹ️ International SOS — соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик хизматлари бўйича дунёдаги етакчи компания ҳисобланади. Унинг таркибида 90 мамлакатда хавфсизлик, тиббиёт, логистика ва рақамли технологиялар бўйича 13 минг нафар мутахассис ишлайди. Global Fortune рўйхатидаги 500 та етакчи халқаро компанияларнинг 70 фоиз ходимлари International SOS мижозлари ҳисобланади.