Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдининг мамлакатдан ноқонуний олиб чиқиб кетган активлари бўйича 120 миллион доллар Қозоғистон бюджетига қайтарилди. Бу ҳақда Қозоғистон коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Фақат шу йилнинг декабрь ойида Коррупцияга қарши курашиш хизмати томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида К.Сатибалдиулининг умумий қиймати 120 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари қайтарилди, бу эса 55,4 миллиард тенгедан ошади. Бу маблағлар давлатга етказилган зарарни қоплаш учун республика бюджетига юборилди», — дейилади хабарда.
Коррупцияга қарши кураш хизмати сўнгги икки йил давомида бюджет ва квазидавлат сектори субъектларига 912 миллиард тенгедан (деярли 2 миллиард доллар) ортиқ маблағ қайтарилганини маълум қилди. Активлар нафақат пул, балки маъмурий бинолар, эксклюзив заргарлик буюмлари, ҳашаматли уйлар, квартиралар ва автомобиллар, компаниялардаги акциялар ва улушларни, темир йўлларни ўз ичига олади.
ℹ️ Қайрат Сатибалди автоҳалокатда вафот этган биринчи президентнинг укаси Сатибалди Назарбоевнинг ўғли. Кейинчалик у отасининг исмини фамилия сифатида олган. Қайрат Skyline Investment Company S. A компанияси орқали мамлакатда монополист ҳисобланган телекоммуникация хизматларининг тўртдан бир улушига эга бўлган. У турли йилларда Миллий хавфсизлик қўмитасида ишлаган, сиёсат ва бизнес билан шуғулланган, Қозоғистоннинг энг бой одамлари қаторидан ўрин олган. Республикада у Назарбоевлар уруғининг молиявий менежери ва раликал оқим — салафийларнинг ҳомийси ҳисобланган.
2022 йил 13 март куни тадбиркор Қозоғистон коррупцияга қарши хизмати томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва «Казахтелеком» пул маблағларини ўта йирик миқдорда ўғирлашда гумонланиб ҳибсга олинган. Эртаси куни компаниянинг капитал офисида тинтувлар ўтказилган, ордан бир ой ўтгач, тадбиркор назоратидаги фирмалар «Казахтелеком» нинг 28,8 фоиз улушини давлатга қайтарган.
2022 йил 26 сентябрда Сатибалди «Казактелеком» АК ва «ЦТС» АЖда ўта катта ҳажмдаги ўғирлик учун олти йилга озодликдан маҳрум этилган. Ўша йилнинг ноябрь ойида бизнесмен иши бўйича қиймати 230 миллион доллардан ортиқ бўлган эксклюзив қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари Қозоғистонга қайтарилган.
Сотибалди жазони ўртача тартибли ахлоқ тузатиш муассасасида ўтамоқда. Яқинда у шартли равишда озод қилишларини сўраб ариза берган, аммо суд уни рад этган ва «маҳкумнинг хатти-ҳаракати бенуқсон эмас» деб тушунтирган.